09:30 / 08.05.2017
32750

Франция ёш президентга эга бўлди, 39 ёшли Макроннинг ғалабаси тасодифми?

Франция президентлиги учун сайловлардаги кутилмаган ва сюрпризларга тўла бўлган сайлов кампанияси ҳеч қандай сюрпризсиз якунланди – “Олға” ҳаракати етакчиси, мамлакат собиқ иқтисодиёт вазири Эммануэль Макрон янги давлат раҳбарига айланди.

Франция ИИВнинг сўнгги маълумотларига кўра, 34 миллионта бюллетен (95 фоиз) ўрганиб чиқилди. Макрон учун сайловчиларнинг 65,48 фоизи овоз берган бўлса, унинг рақибаси – “Миллий фронт” партияси етакчиси Марин Ле Пенга – 34,52 фоиз.

Бешинчи республикада президентлик сайловлари 11-марта ўтказилди. Давлат раҳбари тўғридан-тўғри яширин овоз бериш йўли билан беш йилга сайланади, сайловларда 18 ёшдан катта бўлган фуқаролар – тахминан 47 миллион сайловчи иштирок этиши мумкин. Ўз лавозимидан кетаётган Франсуа Олландга қадар давлат раҳбари сифатида Шарль де Голль, Жорж Помпиду, Валери Жискар д'Эстен, Франсуа Миттеран, Жак Ширак ва Николя Саркози ишлаган.

Макроннинг ўзи ким?

Фото:  РИА Новости

Макрон Франциянинг янги тарихидаги энг ёш президенти бўлди – у 39 ёшда. У Франциядаги энг нуфузли ўқув муассасаларидан бири - Sciences-Po Париж сиёсий тадқиқотлар Институтини тамомлаган, шундан сўнг ENA Миллий маъмуриятчилик мактабида таҳсил олган. Макрон фалсафа магистри саналади, шунингдек, немис идеалисти, диалектика асосчиси Георг Гегель ҳақида фалсафа бўйича илмий иш ёзган.

Макрон 2008 йилда Rothschild & Cie банкига ишга келиб, икки йилдан сўнг унда бошқарувчи шерик лавозимига қадар кўтарилган. У банкда ишлаган вақти уч миллион евродан ортиқ маблағ ишлаб топди, сўнгра сиёсий фаолиятини бошлади. 2012 йилда у президент Франсуа Олланд ҳузуридаги бош котиб ўринбосари этиб тайинланди. Икки йил ўтиб бу лавозимдан кетди ҳамда 36 ёшида Франция иқтисодиёт, саноат ва рақамли технологиялар вазири бўлди.

Макрон давлат раҳбари лавозимига ўз номзодини қўйиши ҳақида 2016 йилнинг ноябрида маълум қилди. Аввалроқ, ўша йилнинг апрелида у En Marche! ("Олға") ҳаракатига асос солди. Макрон бир йил давомида ундан ҳеч ким кутмаган ишни қила олди – жамоатчилик сўровларида кутилмаганда етакчи позицияга чиқиб олди.

Кампания

Фото:  РИА Новости

Сайловларнинг биринчи тури 23 апрель куни бўлиб ўтди, унинг натижаларига кўра, президентлик курсиси учун курашни 24,01 фоиз овоз тўплаган Макрон ва ўнг “Миллий фронт” партияси етакчиси Марин Ле Пен (21,3 фоиз овоз) давом эттирди.

Францияда 2017 йилги сайловолди кампанияси энг жанжалли ва кутилмаган воқеаларга бой бўлди. Бешинчи республика тарихида илк бор мамлакатнинг амалдаги етакчиси Франсуа Олланд иккинчи муддатга сайланишдан бош тортди, у бошқаруви давридаги муваффақиятсизликлар туфайли қайта сайлана олмаслигини яхши тушунди.

Шунингдек, илк бор иккинчи турга муқобил номзодлар чиқа олди, ўнглар ва социалистлар эса бу сафар мағлуб бўлишди: ҳукмрон Социалистик партия раиси, собиқ таълим вазири Бенуа Амон партиядошлари томонидан қўллаб-қувватланмади ҳамда улар Макронга ўз овозларини беришди.

Йил аввалида президентлик пойгаси фаворитларидан бири, деб ҳисобланган “Республикачилар” номзоди, мамлакат собиқ бош вазири Франсуа Фийон эса можаролар серияси қурбонига айланди ва фақатгина учинчи ўринни эгаллади - 20,01 фоиз.

Сайловлар куни

Фото:  РИА Новости

Франциянинг қатор ҳудудлари ва департаментларида овоз бериш шанба куни бўлиб ўтди, бироқ метрополия ва хориждаги сайловчиларнинг катта қисми якшанба куни ўз овозларини беришди.

Чоршанба куни, овоз беришнинг иккинчи тури аввалида бўлиб ўтган ва катта шов-шувга сабаб бўлган дебатлардан сўнг, фрацузлар ва хорижий кузатувчилар айнан Макрон президент бўлишини аниқ тушуниб туришганди.

Эрталаб, номзодларнинг ўзи овоз берган пайтдаёқ бу аниқ бўлиб улгурди. Собиқ вазир овоз берган сайлов участкасида сиёсатчини жуда катта оломон кутиб олган бўлса, Миллий фронт етакчиси эса камсонли тарафдорлари томонидан қўллаб-қувватланди.

Франция ижтимоий тадқиқот институтлари маълумотига кўра, иккинчи турда сайловда иштирок этиш кўрсаткичи 1969 йилдан бери кузатилган энг паст даражага айланиши мумкин, ўшанда сайловнинг иккинчи турига 31,1 фоиз сайловчилар келишмаганди. Айни дамда бу борада расмий хабар ҳозирча йўқ.

Сайловларнинг биринчи туридан фарқли равишда (ўшанда теракт юз берди ва яна бир терактнинг олди олинди), иккинчи тур жиддий ҳодисаларсиз ўтди. Париждаги намойишлар илк натижалар эълон қилингач, кечки пайт бошланди.

Штаблардаги кайфият

Ле Пен тарафдорлари мағлубият ҳақидаги хабарни катта умидсизлик билан қарши олишди. Макроннинг экранларда пайдо бўлиши баланд овоздаги айблов кўринишидаги хайқириқларга сабаб бўлди.

Миллий фронт раҳбари дарҳол трибунага чиқиб, ўз мағлубиятни тан олди ва унинг партияси янги президентга “энг катта мухолиф” экани ҳамда парламент сайловларида курашни давом эттириши ҳақида маълум қилди. Кеча Франция мадҳияси - "Марсельеза"нинг ижро этилиши ва рақслар билан давом этди.

Лувр ёнидаги майдонда ўз ғалабасини тантана қилган Макрон илк натижалар эълон қилинганидан қарийб уч соат ўтиб ўз тарафдорлари олдида кўриниш берди. У ўзини қўллаб-қувватлаган французларга миннатдорлик билдирди ва Франция равнақига йўналтирилган ўз вазифалари ҳақида қисқача гапириб берди.

Унинг чиқиши охирларида саҳнага рафиқаси ва икки қизи ўз фарзандлари билан чиқишди. Президентлик оиласи минглаб сайловчилар кўз ўнгида мадҳияни ижро этишди.

Дунёдаги реакция

Макронни сайловлардаги ғалаба билан биринчи бўлиб Европарламент раиси Антонио Таяни табриклади, у “Франция бутун (Европа) Иттифоқни ўзгартира олишига ишонишини” билдирди.

Франциянинг Европадаги ўрни ҳақида ГФР ҳукумати расмий вакили Штеффен Зайберт ҳам ёзди. У Макрон ғалабасини “кучли ягона Европа ғалабаси”, деб атади.

Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй эса “янги президент билан ўзаро манфаатли бўлган кўплаб соҳаларда иш бошлашни кутаётгани” ҳақида хабар қилди.

АҚШ президенти Дональд Трамп Макронни табриклади ва ўзаро ишлашдан хурсанд бўлишини билдирди. "Эммануэль Макронни бугунги йирик ғалаба билан табриклайман. У билан ишлашга катта умид боғлаганман!" – дея ёзди АҚШ президенти Twitter’да.

Германия канцлери Ангела Меркель ҳам Эммануэль Макронни Франция президентлиги учун сайловларда ғалаба қозонгани билан табриклади ҳамда “француз сайловчиларнинг қарори ягона Европадан дарак беришини” таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, Макронни Украина президенти Пётр Порошенко, Испания бош вазири Мариано Рахой, Греция бош вазири Алексис Ципрас ва бошқалар ҳам табриклашди.

Мавзу
Францияда президент сайлови
11 нафар номзод Елисей саройи учун кураш олиб бормоқда. Франция конституциясига мувофиқ, биринчи турдан сўнг икки номзод қолади. Улар сайловнинг якуний босқичида иштирок этади. Иккинчи тур 7 май куни бўлиб ўтади.
Барчаси
Top