Ўзбекистон | 16:27 / 12.05.2017
66802
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон олтин захиралари бўйича дунёда 9-ўринда

Бугун, 12 май куни Тошкент шаҳридаги Миллий матбуот марказида Навоий кон-металлургия комбинати томонидан матбуот анжумани ўтказилди. Тадбир Навоий кон-металлургия комбинатида 2026 йилгача қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш дастурларининг амалга оширилиши, кўзда тутилган модернизация тадбирлари, истиқболли лойиҳалар самарадорлигига бағишланган "НКМК: янгиланиш ва тараққиёт сари" мавзуси остида бўлиб ўтди. 

Мана 17 йилдирки, мамлакатимизда ҳар йили май ойининг учинчи якшанбаси Ўзбекистон Республикаси кончилик ва металлургия саноати ходимлари куни сифатида нишонланиб келинади. Касб байрамини нишонлаётган Навоий кон-металлургия комбинати жамоаси мустақиллик йилларида улкан бунёдкорлик ва иқтисодий юксалишлар йўлини босиб ўтгани таъкидланди. 

Бугунги кунда қарийб 60 минг нафар турли касб эгалари меҳнат қилаётган комбинат қудратли ишлаб чиқариш объектлари ва инфратузилмасига эга гигант корхонага айланди. Менделеев жадвалида юздан зиёд элемент бўлса, шуларнинг аксарияти - олтин, кумуш, мис, табиий газ, вольфрам, калий тузлари, фосфоритлар, каолинларнинг тасдиқланган заҳиралари бўйича Ўзбекистон истиқболли рудалар жиҳатидан МДҲ давлатларидагина эмас, балки дунё миқёсидаги етакчилардан бири ҳисобланади. 

Комбинат директорининг иқтисод бўйича ўринбосари Нурмат Жўлибековнинг "Кун.уз" мухбирига маълум қилишича, бугунги кунда Ўзбекистон олтин ишлаб чиқариш бўйича дунёда 10-ўринни эгаллайди, олтин захираси бўйича эса 9-ўринда. 

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан тасдиқланган 2017-2026 йилларда комбинатни ривожлантириш дастурлари яқин 10 йилда тарихий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга оширишни белгилаб берди. 2017-2026 йилларда 3 миллиард 63 миллион долларлик 27 лойиҳанинг амалга оширилиши комбинатда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 30 фоизга ошириб, 31 мингга яқин янги иш ўринларининг яратилишига хизмат қилади. 

Мавзуга оид