16:04 / 18.05.2017
19019

Боку—2017. Ўзбекистонда тўққизинчи олтин рекорд билан олинди

Бокуда «Ислом бирдамлик ўйинлари»нинг 18 май кунги мусобақалари бўлиб ўтмоқда. Бугунги беллашувда Ўзбекистон терма жамоасининг 14 нафар вакили спортнинг 5 турида ўз имкониятларини синовдан ўтказмоқда.

Айни вақтга келиб, терма жамоанинг кун ҳисобидан биринчи олтин медали қўлга киритиб бўлинди.

Пара-атлетика йўналишида иштирок этаётган Александр Свечников эркаклар ўртасидаги найза улоқтириш (F13) баҳсларида тенгсиз бўлди ва олтин медаль олди. У найзани 70 м масофага улоқтирди ва жаҳон рекордини ўрнатди.

Теннис
Яккалик баҳсларида иштирок этаётган Сергей Фомин нимчорак финалда туркманистонлик Й. Рогесскийни 6:2, 6:2 ҳисобларида мағлубиятга учратди ва чорак финалга йўл олди. 

Саидаъло Саидкаримов эса бугун Саудия Арабистони вакили А. Алҳақбанийга қарши баҳс юритади. 

Камола Умарова эса озарбойжонлик Амина Дикни мағлубиятга учратиб, чорак финалга ўтиб бўлди.

Таэквондо
-62 кг вазн тоифасида турнирда иштирок этаётган Умида Абдуллаева дастлабки жангида покистонлик Ямна Сиддиқийни мағлубиятга учратди (20:0). Чорак финалда эса Қозоғистон вакили Гулим Бибалаевадан устун келди (4:3). Энди у финалга чиқиш учун марокашлик Саукайна Элауний билан баҳслашади.

Иштирокини тўғридан-тўғри чорак финалдан баҳсларни бошлаган Никита Рафалович (74 кг) марокашлик Ашраф Маҳбубийга қарши жанг ўтказди ва 25:4 ҳисоби билан ғолиб бўлди. Энди у ярим финалда Иордания вакили Анас Аладарбийга қарши даянга чиқади. 

Юнон-рум кураши
Спортнинг ушбу тури бўйича 130 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Мўминжон Абдуллаев мусобақанинг финалига йўл олди. У илк жангда суриялик Р.Алкрадни 8:4 ҳисобида мағлуб этди. Ярим финалда эса мезбонлар вакили Сабоҳ Шариати 8:4 ҳисобида таслим қилинди. Энди у кечқурун финалда Туркия вакили О. Йилдиримга қарши гиламга чиқади.

Турнирда -66 кг вазн тоифасида иштирок этаётган Мирзобек Раҳматов бронза медаль олиши мумкин. Чорак финалда тўғридан-тўғри иштирок этган бу спортчи илк жангда марокашлик А.Ҳанинени мағлубиятга учратди. Ярим финалда эса мезбонлар вакили К.Маммадовга қарши гиламга чиқиб ютқазди. Энди у бронза медаль учун эронлик М.Зайдвандга қарши гиламга чиқади.

Бокс
Боксчилар ҳали ўз иштироклари бошлашмади. 
Финал
-56 кг, Абдулҳай Шораҳматов — Й.Мередов (Туркманистон) - 16:00
-64 кг, Алиёр Норалиев — Е. Муҳаммедов (Миср) - 16:00
- 69 кг, Бобо-Усмон Ботуров — Т. Абдуллаев (Озарбойжон) - 16:00

Top