Ўзбекистон | 13:10 / 18.05.2017
12836
2 дақиқада ўқилади

ЛУКОЙЛ Ўзбекистонда 40 млрд куб метр газ қазиб олди

Фото: РИА "Новости"

Ўзбекистонда ЛУКОЙЛ компанияси томонидан қазиб олинган жами табиий газ ҳажми 40 млрд. куб метрдан ошиб кетди. Бу ҳақда Россия компаниясининг Тошкентдаги офисида хабар беришди.

«Бугунги кунда «ЛУКОЙЛ Узбекистан Оперейтинг Компани» томонидан амалга оширилаётган барча лойиҳаларда табиий газни жами қазиб олиш ҳажми 40 млрд. куб метрдан ошиб кетди. Асосий ҳажм Бухоро вилоятидаги Хаузак-Шоди конида қазиб олинди (тахминан 82 фоиз)», - дейилади компания материалида.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, 2017 йилда ЛУКОЙЛнинг Ўзбекистонда газ қазиб олишни бошлаганига 10 йил тўлади. Россия компанияси бу вақт ичида мамлакат иқтисодиётига 5,2 млрд. доллар миқдорида сармоя киритди.

ЛУКОЙЛ ўрта муддатли истиқболда бир йилда қазиб олинадиган газ ҳажмини 16 млрд. куб метрлик даражадан ошириш ва маҳсулотни ажратиш ҳақидаги келишувнинг амал қилиш муддати давомида тахминан 330 млрд. куб метр газ ҳамда тахминан 6 млн. тонна суюқ углеводород қазиб олишни режалаштирган.

ЛУКОЙЛ Ўзбекистон ҳудудидаги фаолиятини «Қандим-Хаузак-Шоди-Қўнғирот» ва «Жануби-Ғарбий Ҳиссор» лойиҳалари бўйича маҳсулотни ажратиш ҳақидаги келишув асосида олиб бормоқда.

Компаниянинг йирик лойиҳаси – Қандим газни қайта ишловчи завод мажмуасининг қурилиши ва бу ердаги конлари гуруҳи фаолиятини йўлга қўйиш.

Ишлаб чиқариш ҳажми йилига 8,1 млрд. куб метр газ бўлган мажмуа минтақадаги энг йиригига айланади. У  водород сульфидга эга бўлган газни тозаланган табиий газ, барқарор газ конденсати ва олтингугурт парчаларини олиш мақсадида қайта ишлаш имконини беради.

Мавзуга оид