Қоровулни болта билан уриб ўлдирган шахс 18 йилга қамалди
Наримон Ўктамов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) тўрт мучаси соғ, ўзига яраша ақл-заковатга эга бўлган, меҳнат қилиб, ҳеч кимдан кам бўлмасдан яшай олишга қодир бўлган йигитлардан. Лекин у енгил ҳаёт билан кун кечирди, текин даромад кўришни афзал билиб, охирини ўйламай иш қилди. У айнан кучга тўлган йигирма бир ёшидаёқ вояга етмаган шахсни ўз қилмишига шерик қилиб, ўғирлик жиноятини содир этганлиги учун суднинг қора курсисига ўтиришга улгурди. Қилмиши учун тегишли жазони олди. Аммо, ақли кирмаган экан, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.
Меҳнатга сабри чидамаган Наримон кунларнинг бирида ўзи аввал ишлаган кафенинг ёнидан ўтаётиб, бу ерда ўтказган кунларини эслади-да, фикри бузилди. Ўйлаб қараса, бу ерни жуда яхши билади. Бунинг устига пул қандай қилиб келиши-ю, қаерда сақланишигача кўрган.
Кузнинг этни жунжиктирадиган кечаларидан бирида у кафенинг орқа тарафидаги эшиги ёнига келиб, ҳамма кетганлигини билганидан сўнг, ҳеч ким йўқлигига амин бўлгач, бинонинг деворидан ошиб ичкарига тушади. Наримон қоровулнинг қаерда эканлигини билиш учун ён атрофни бироз кузатгач, аста-секинлик билан ҳовлидаги кабоб тайёрланадиган темир шохобча ичига кириб олади. Пул сақланадиган жой ичкарида бўлганлиги учун ёнига бориш бироз қийинчилик туғдирар эди. Шу боис қулай пайт пойлаб, тунги соат иккигача шу ерда ўтиради. Қоровул мақсадини амалга ошириш учун жиддий тўсиқ эди. У қоровулни йўқ қилсагина ниятига ета олишини ўйлаб, кабобхона ичида турган болтани олиб, меҳмонлар кутиш зали сари аста одимлай бошлайди. Ичкарига кирганида қоровулнинг диванда ухлаб ётганини кўради. Бу Наримон учун қулай имконият эди. У вақтни бой бермасдан қоровулнинг бошига болта билан икки марта уриб ўлдиради. Кейин эса, пул сақланадиган хонанинг ойнасини синдириб, ичкарига киради ва у ерда турган сейф қулфини бузади. У ердаги бир миллиондан ошиқроқ пулни қўлга киритади. Сўнг, ҳеч нима бўлмагандек жуфтакни ростлайди. Лекин, ҳеч ким билмади, ҳеч ким кўрмади, деб ўйлаган Наримоннинг қилмиши тезда фош этилди. Суд ҳукмига кўра, унга ўн саккиз йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.
Мавзуга оид
23:25 / 22.12.2024
Россияда сафар сумкаси ичидан ўзбекистонлик аёлнинг жасади топилди
18:43 / 20.12.2024
Google Maps фотосурати Испаниядаги қотилликни очишга ёрдам бериши мумкин
16:51 / 16.12.2024
Конибодомда яна тўрт кишининг жасади топилди
20:01 / 13.12.2024