Ўзбекистон | 11:30 / 19.05.2017
6678
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга Туркия туризм вазири раҳбарлигидаги делегация келмоқда

Фото: Туркия маданият ва туризм вазирлиги

Туркия маданият ва туризм вазири Наби Авжи май ойи охирида Ўзбекистонга ташриф буюради. Бу ҳақда Ўзбекистон туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

«16 май куни Ўзбекистон туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Анвар Шаропов Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмет Башар Шон билан учрашув ўтказди», – дейилган хабарда.

Матбуот хизмати берган маълумотга кўра, учрашувда Туркия маданият ва туризм вазири Наби Авжининг май ойи охирида Ўзбекистонга ташриф буюриши масаласи кун тартибининг асосий мавзуси бўлган.

Хабар қилинишича, туркиялик вазир билан биргаликда турк инвестиция компаниялари ва туристик фирмаларининг бир қатор вакиллари ҳам Ўзбекистонга келмоқда. Компаниялар сони ва номлар келтирилмаган.

«Туркия томони билан учрашув давомида республикада туристик соҳада ўтказилаётган, сектордаги ривожланиш мароми ҳамда туризм инфратузилмасини тубдан яхшилаш бўйича ҳукумат томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди», – дейилган хабарда.

Асосий урғу туризмнинг мамлакат иқтисодиётидаги стратегик аҳамиятига қаратилган, сайёҳлик соҳаси маҳсулотларини диверсификация қилиш чора-тадбирлари, экологик туризмни ривожлантириш бўйича маълумотлар тақдим этилган.

Мавзуга оид