Жаҳон | 18:18 / 22.05.2017
9015
2 дақиқада ўқилади

Яманда вабо тарқалмоқда, касалликдан ҳалок бўлганлар сони 315 нафарга етди

Фото: Reuters

Яман вабо эпидемияси хавфи остида қолди - бир ой ичида хасталикка чалинган 315 киши жон берган. Бу ҳақда Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълум қилди.

Вабо вируси ҳарбий зиддиятлар давом этаётган қашшоқ араб давлатининг 22 вилоятидан 19тасида қайд этилган. Яманда бу вирусга юқтиргани гумон қилинаётганлар сони 30 минг нафарга яқин. Хасталикка асосан ёш болалар чалинмоқда.

Охирги статистика маълумотлари шуни кўрсатмоқдаки, Яманда вабо тарқалиши бутунлай назоратдан чиқиб кетиши мумкин.

Al Jazeera телеканали хабарига кўра, ўтган ҳафтада мамлакат пойтахти Сано шаҳрида ушбу хасталикка чалинишлар сони кўплиги туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилинди.

Вирус ифлосланган сув ёки таомдан тарқалмоқда. Белгилари қорин қаттиқ оғриши ва қайт қилиш. Оғир ҳолатда даво чоралари қилинмаса, бир неча соат ичида ўлим бўлади.

Маълум қилинишича, Ямандаги тиббиёт муассасаларининг ярмидан кўпи бу хасталикка қарши курашиш учун мўлжалланмаган. Уруш туфайли мамлакатда 300га яқин шифохона вайрон бўлган.

Ямандаги турли ҳудудларда 8 миллионга яқин киши ушбу вирусни юқтириб олиш хавфи остида яшамоқда. Бу кишилар ифлосланган сув ичиши ёки таом еб қўйиши мумкин.

Яқин ярим йил ичида Яманда ушбу хасталикка 4 миллионга яқин киши чалиниши мумкин. Бу эса ўн минглаб қурбонлар демакдир.

Мавзуга оид