11:22 / 23.05.2017
33576

Бозордаги савдо ёки яна ўша валютафурушлар машмашаси

Фото: 123RF

Шоҳрух Ургутдаги “Самон бозор”ида ноқонуний валюта сотиш билан анчадан бери шуғулланар эди. Лекин “кўза кунда эмас кунида синишини” унутган чоғи, ўзини бу қинғирликдан тийиб туролмади, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Ўша куни унинг ёнига келган “харидор” Баҳодир Исмоилов:

-  Менга етти минг доллар керак? – деб қолди.

-  6 минг 190 сўмдан бўладими? 

Харидор рози бўлди. Шоҳруҳ бироз ўйланиб туриб, таклифини айтди:

-  Узр, ҳозир етарли пул йўқ эди. Агар истасангиз, шерикларимни чақираман.

-  Фарқи йўқ, ишни ҳал қилсангиз бўлди, - деди Баҳодир. 

Шоҳруҳ Акмалжон ва Ферузни “ёрдамга” чақирди. Улар керакли миқдордаги пул билан етиб келишди.

Валютафурушлар 7 минг АҚШ долларини 43 млн. 330 минг сўмга ҳисоблаб сотаётганларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан воқеа жойида қўлга олинди. Шоҳруҳнинг жиноий шерикларидан жами 43 млн. 511 минг сўм, 10 минг 450 АҚШ доллари, 2 минг 500 Россия рубли ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинди.

Суд Шоҳрух Маъдиев, Феруз Латипов ва Акмалжон Турсуновларнинг ҳар бирини энг кам иш ҳақининг 80 баравари миқдорида жарима жазосига тортди. Шунингдек, улардан олиб қўйилган пуллар давлат фойдасига мусодара қилинди.   

Top