00:16 / 26.05.2017
16018

Жиззахда “Баркамол авлод-2017” спорт мусобақаларига старт берилди

Фото: uza.uz

Жиззах шаҳрида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчиларининг “Баркамол авлод – 2017” республика спорт мусобақалари бошланди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Ўзбекистонда йўлга қўйилган уч босқичли тизим – “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада спорт ўйинлари улғайиб келаётган навқирон авлод онгига соғлом турмуш тарзини болаликдан бошлаб чуқур сингдиришда муҳим восита бўлиб хизмат қилмоқда. 

Шаҳарнинг Шароф Рашидов шоҳкўчаси ва  Алишер Навоий кўчалари ўртасида жойлашган “Сўғдиёна” стадионида катта спорт байрами – “Баркамол авлод – 2017” финал мусобақаларининг тантанали очилиш маросими ўтади.

“Баркамол авлод – 2017” мусобақаларининг очилиш маросими ўтаётган замонавий спорт мажмуаси кейинги уч йилда барпо этилди. Унинг таркибида ўн минг томошабин ўринли “Сўғдиёна” стадиони, енгил атлетика, сузиш ва гимнастика заллари, матбуот анжуманларини ўтказиш учун конференц зал ва бошқа қулайликлар мужассам этилган.

Эътиборлиси, “Баркамол авлод” спорт мусобақалари биринчи марта Жиззах вилоятида спортнинг 8 тури бўйича (баскетбол, волейбол, футбол, енгил атлетика, миллий кураш, белбоғли кураш, теннис ва сузиш) ташкил этилганди. Бу йилги мусобақаларда спортнинг ўн етти – баскетбол, волейбол, футбол, қўл тўпи, оғир атлетика, дзюдо, юнон-рум кураши, эркин кураш, бокс, сузиш, таэквондо, енгил атлетика, бадиий гимнастика, теннис, стол тенниси, бадминтон ва шахмат турлари бўйича ўтказилмоқда.

“Баркамол авлод – 2017” спорт мусобақаларининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов иштирок этди.

Эслатиб ўтамиз: “Баркамол авлод – 2017” спорт мусобақалари илк бор Жиззахда, сўнгра Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Тошкент, Сурхондарё ва Наманган вилоятларида ўтказилган.

 

Top