20:51 / 28.05.2017
5309

Филиппинда жангарилар билан тўқнашувларда ҳалок бўлганлар сони 34 кишига етди

Фото: AP

Филиппин жанубида ҳукумат қўшинлари ва "Мауте" террорчилик гуруҳи жангарилари ўртасида деярли бир ҳафтадан бери давом этаётган тўқнашувлар оқибатида камида 34 киши, жумладан ҳарбийлар ва полициячилар ҳалок бўлди. Мамлакат қуролли кучларининг расмий вакили Рестито Падилланинг маълум қилишича, жангарилар томондан 19 нафар фуқаро қатл этилган. 

Падилланинг айтишича, ўтган кеча ҳарбийлар Марави шаҳридаги давлат университети биноси ёнида жангарилар томондан қатл этилган 8 кишининг, жумладан 4 аёл ва бир боланинг жасадини аниқлашган. Тўқнашувлар давомида 11 ҳарбий ва 4 полициячи ўлдирилган. Шу билан бирга ҳукумат қўшинлари камида 61 жангарини йўқ қилишга муваффақ бўлган.  

Ҳукумат жангарилар сонини 200-300 киши атрофида баҳоламоқда. Маълум бўлишича, улар орасида Индонезия, Малайзия ва Сингапурдан жангарилар ҳам бор.

Падилла қўшинлар "жангарилар яширинаётган ҳудудларга аниқ авиазарбалар беришни ва артиллериядан ўққа тутишни давом эттиришини" таъкидлаб ўтди. 

Мамлакат президенти Родриго Дутерте жангариларнинг ҳужуми сабабли 23 май куни Минданао вилоятининг аксарият қисмида 60 кунлик ҳарбий ҳолат тартибини киритди.   

Top