19:40 / 01.06.2017
20238

Қишлоқларда уй-жой қуриш учун Ўзбекистонга 500 миллион доллар ажратилмоқда

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистонга қишлоқ жойларида уй-жой қуриш учун 500 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилишини маъқуллаган. Ушбу пул маблағлари ОТБнинг турли ресурсларидан 500 млн. доллар ҳажмида йиғилади. ОТБ кредити Ўзбекистоннинг тўққиз вилоятида жами 29 минг турар жой қуриш имкониятини яратади.

Уйлар қишлоқ жойларида намунали уй-жой билан таъминлаш давлат дастури доирасида барпо этилади.

ОТБ томонидан айтиб ўтилган маълумотларга кўра, лойиҳани Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазирлиги бошқаради. Кредит маблағлари Ўзбекистоннинг учта банки — «Ипотекабанк», Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки ва «Қишлоқ қурилиш банк» томонидан қайта молияланади. «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси ҳам одатдагидек, лойиҳада иштирок этади.

ОТБ 2012–2015 йилларда ҳам қишлоқ жойларида намунали уйлар қуриш бўйича лойиҳани қўллаб-қувватлаганди. Шу давр ичида қишлоқ жойларида 41,5 мингта уй қуриб, фойдаланишга топширилди.

ОТБнинг баҳолашича, аҳоли учун арзон уй-жойларга киритилаётган инвестиция келгусида бандликка ҳам ижобий таъсир кўрсатади, чунки қишлоқ жойларида уй-жойлар қуриш дастури қўшимча 220 минг иш ўрнини яратади.

Қишлоқ жойларда арзон уй-жойлар дастури аёлларнинг манфаатини ҳам ҳисобга олади. Кутилишича, лойиҳа доирасида ажратиладиган ипотека кредитларининг 30 фоизи аёлларга тақдим этилади.

Эслатиб ўтамиз, 2016 йил октябрида 2017–2021 йилларда Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида ўй-жой қуриш дастури қабул қилинган эди.

Дастур доирасида 2017 йилда умумий майдони миллион квадрат метрдан ошувчи 15 мингта янги уй қурилиши режалаштирилган. Дастурнинг жорий йил учун қиймати — 700 миллион АҚШ долларидан ошмоқда. Кейинги йиллар учун параметрлар аниқлаштирилиб борилади. 2009–2016 йилларда Ўзбекистонда 70 мингга яқин уй қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Маълумот ўрнида: Ўзбекистон 1993 йилда Осиё тараққиёт банки аъзоси бўлди. ОТБ бугунга келиб Ўзбекистонга умумий суммаси 5,7 миллиард АҚШ доллари бўлган 63 та кредит тақдим этган.

Top