13:47 / 06.06.2017
93219

Доллар курси дунёдаги геосиёсий кескинлик фонида тушиб кетди

Жаҳон бозорида доллар курси сешанба куни эрталабдан бошлаб дунёдаги геосиёсий кескинлик фонида пасаймоқда. Бундан савдо маълумотлари дарак берди.

Тошкент вақти билан соат 10.11 да доллар индекси (долларнинг олти мамлакат – АҚШнинг асосий савдо шериклари валютасига нисбатан қиймати ) 0,17 фоизга камайиб, 96,63 пунктни ташкил этаётганди. Долларнинг иенага нисбатан курси бир доллар учун 109,89 иенани ташкил қилмоқда. Аввалги савдоларда бу кўрсаткич 110,46 иенага тенг эди. Евронинг долларга нисбатан қиймати бир евро учун 1,1268 долларни ташкил этди (аввалги сессияда бир евро учун 1,1256 доллар).

Сармоядорларнинг хавотири жаҳондаги қатор ҳодисаларга боғлиқ. Масалан, шанба, 3 июнь куни кечқурун Лондонда теракт юз берди. Душанба куни эса Миср, Саудия Арабистони, Баҳрайн, Ливия, Яман, Мальдив ва Маврикий Қатар билан дипломатик алоқаларни узди.

Трейдерлар АҚШ ФҚБ собиқ раҳбари Жеймс Комининг пайшанба, 8 июнь кунига режалаштирилган сенатдаги чиқишини кутишмоқда. У АҚШдаги сайловларга Россиянинг аралашгани мавзусида бўлади. Аввалроқ CNN телеканали Коми сенатда АҚШ президенти Трамп унга президентнинг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Майкл Флиннга нисбатан суриштирувни тўхтатиш мақсадида босим кўрсатганини тасдиқлаши ҳақида хабар берганди.

State Street Global Markets менежери Барт Вакабаяшининг сўзларига кўра, эндиликда доллар курси пасайишига Коми кўрсатмалари билан боғлиқ бўлган эҳтимолий геосиёсий хатар ҳам таъсир кўрсатмоқда.

Top