Жаҳон | 00:56 / 10.06.2017
31784
16 дақиқада ўқилади

Алмашмас ҳукмдор: Президент Мугабе Зимбабвени қай кўйларга солди?

Фото: ZUMA Press

«Золим», «оқ танлилар қотили», «қора танли ирқчи» — Зимбабве президенти Роберт Мугабега нима лақаблар ёпиштиришмаган дейсиз. Уни жамики гуноҳи кабираларда — гиперинфляция, ирқий қирғинлар, мухолифатни йўқ қилиш ва шахсий диктатура ўрнатишда айблашади. Зимбабве ахборот жиҳатидан ёпиқ давлат бўлгани учун у ердан КХДРдагидан кўп маълумот чиқмайди. «Лента.RU» Зимбабве ва унинг алмашмас президенти Роберт Мугабе ҳақидаги гап-сўзларга ишонса бўлиш-бўлмаслигини аниқлашга уриниб кўрди.

 

Бобби туғилганидан мўмин-қобил бола эди

Мугабе ўша пайтлардаги Британия мустамлакаси — Жанубий Родезиядаги дурадгор ва ўқитувчи хонадонида таваллуд топди. Бошланғич таълимни у католик мактабида, олий таълимни эса ЖАРдаги қора танлилар университетида олади. Бакалавр унвонини олгач, Мугабе бир муддат Ганага ишлашга кетади, қайтганида қараса — юртида ирқий тенглик учун озодлик ҳаракати бошланган. Мугабе дарҳол ўқитувчилик касбини чеккага суриб, сиёсий курашга боши билан шўнғиб кетди ва Жошуа Нкомо бошчилик қилаётган Зимбабве Африка халқи иттифоқи (ZAPU) га аъзо бўлди. 1963 йилда Нкомо билан уришиб қолган Мугабе ўз партияси — Миллий иттифоққа (ZANU) асос солди.

Шундан сўнг Мугабе кўп ўтмай ҳибсга олинди ва 11 йил ўтириб чиқди. Бу унинг ҳаётидаги ўта оғир йиллар бўлган, уни қийноқ ва мазахларга дучор қилишган. Масалан, энцефалитдан ўлган уч ёшли ўғлининг дафн маросимига қўйиб юборишмаган.

Бироқ чекловлар Мугабени синдира олмади. Ғалабага бўлган иродасини сақлаб қолишда унга характерининг табиий қатъийлиги ва билимларга чанқоқлиги ёрдам берган. Роберт камерадошлари учун ҳақиқий мактабни ташкил этган: уларга хат-савод, математика ва инглиз тилидан дарс берган. Унинг ўзи ҳам ўқишда давом этган: Лондон университетига сиртдан ўқишга кирган. Ўзининг қамоқ муддати якунланган сана — 1974 йилга келиб, у тўрт дипломга эга эди: иккита юридик, иқтисодиёт магистри ва бошқарув бакалаври. Хуллас, Мугабе ҳозир Африкадаги раҳбарлар ичида энг ўқимишлиси.

 

Уруш вақти, тинчлик вақти

Озодликка чиққач, Мугабе Мозамбикка кетиб, у ер ҳам озодлик учун ҳаракатларга қўшилади. Собиқ иттифоққа таассуб қилиб, пролетариатни синфий курашга чорлашга бел боғлаган Жошуа Нкомонинг ZAPU’сидан фарқли ўлароқ, Мугабе ўртоқ Маонинг меҳнатларига қараб деҳқонлар инқилобини мўлжаллаётган эди.

Мугабе Женевадаги конференцияда, 1976 йил
Фото: AP

Мугабе саркарда эмасди: барча операцияларни унинг дала қўмондонлари бошқарарди, унинг ўзи эса стратегия ишлаб чиқиб, Жанубий Родезияга чегарадан отряд кетидан отряд жўнатиб, режаларни амалга оширилишини таъминлар эди. ZANU’нинг ҳарбий қаноти ZANLA ҳаммани суриштириб ўтирмасдан ўлдирарди — хоҳ у аскар бўлсин, хоҳ тинч аҳоли вакили бўлсин. Жангарилар, айниқса, оқ танли фермерларни ўлдириш ё қувғин қилишга алоҳида эътибор қаратишарди, чунки иш берувчисиз қолган қора танли малайлар оммавий равишда ZANLAга аъзо бўлишарди. Ғалаба қозонилган тақдирда Мугабе ўзининг жангариларига оқлардан тортиб олинган ерларни ваъда қила бошлади. Унинг режаларига қаршиларни бўғизланган ҳолда топишарди. Қўзғолончиларнинг илмли ва кўркам етакчиси хорижда — Хитой, Британия ва собиқ иттифоқда ҳам машҳурлаша бошлади.

Ниҳоят, Жанубий Родезия дош бера олмади. Бутун дунё тарафидан ўн йиллаб санкцияларга дучор қилинган ва қонли партизанлар урушидан ҳолдан тойган мамлакат ниҳоят қора танлилар бошқарувига ўтишига рози бўлди. Бош вазир Ян Смит ҳокимиятни мўътадил номзод, епископ Музоревега бермоқчи бўлганди, бироқ Нкомо ва Мугабе уни тан олишмади. Умуммиллий сайловлар ўтказилди ва унда Мугабе кутилмаганда таъсир доираси каттароқ бўлган Жошуа Нкомо устидан ғалаба қозонади. Мугабенинг ғалаба қозонишига сабаб — у мамлакат аҳолисининг каттароқ қисмини ташкил этувчи шон қабиласидан, Нкомо эса этник озчилик — матабеле вакили эди.

 

Тинчлик, дўстлик, этник қирғинлар

«Кечаги кун биз душманлар эдик, бугун эса дўст бўлмоғимиз даркор. Биз битта мамлакатга содиқмиз. Келажакнинг устидан чизиқ тортилган ва биз ундан хулоса чиқармоғимиз керак. Илгари оқлар қораларни камситарди, бироқ қоралар ўч олмайди ва уларни камситмайди. Мен келажак ҳақи ҳурмати, миллий ярашувга чақираман!»

Мугабенинг халқига илк телемурожаатидаги бу сўзлар жомадонларини йиғиштиришни бошлаб юборган, Зимбабвега айланган собиқ Жанубий Родезиянинг оқ танли озчиликларини ҳайратга солиб қўйди. Энг қизиғи — у ўз ваъдасида турди. Оқ танли фермерларни қувиб чиқариш ўрнига, уларга имтиёзли кредитлар тақдим этиб, харид қийматини ҳам ошириб қўйишди. Ғарб томонидан ажратилган улкан молиявий ёрдам эвазига Мугабе соғлиқни сақлаш ва таълимни ривожлантириш бўйича кенг миқёсли дастурларни ишга туширди, бир вақтнинг ўзида йўллар қуриб, инфратузилмани кенгайтира бошлади.

Агар оқ танлилар енгил нафас олишган бўлса, Мугабега қарши бўлган қора танлиларга ҳавас қилиб бўлмасди. Жошуа Нкомони давлат тўнтаришида айблаб, мамлакатдан бадарға қилишди. Бош вазир КХДРдан келган йўриқчилар ёрдамида шон қабиласи вакилларидан фақат унга бўйсунувчи махсус бригадани тузди ва сиёсий рақобатчиларидан бирин-кетин қутила бошлади. Деярли тўлиқ матабеле қабиласи вакилларидан иборат ZAPU’нинг собиқ аскарлари ва уларни қўлловчи ҳамқабилаларини ўлдириш бўйича махсус операция «Гукурахунди» деб аталди — унинг таржимаси «жалалар олдидан буғдой чориси устига севалаган илк баҳор ёмғири» маъносини англатарди

Мугабе (чапда) ва Нкомо
Фото: Keystone Pictures USA / ZUMA Press / Globallookpress.com

Матабеле қабилалари истиқомат қилаётган туманлар тўлиқ қуршаб олинди, армия томонидан ўтказилаётган туганмас этник қирғинлар ва террордан сўнг бу ерларда очарчилик ҳам бошланди. Тирик қолганларни «тузатиш маркази» — нацистларнинг концлагерига ўхшаш жойга жўнатишарди. Армияга «ёш бригадалар» деб аталувчи, хунвейбинларнинг маҳаллий варианти ёрдам берарди. Матабелеларнинг иродасини бу йўл билан синдириш қийинлигини англаб етиб, Мугабе кутилмаганда сулҳ таклиф қилди: Нкомони кечириб, қайтишга кўндиришади ва номинал бўлса-да, фахрий лавозим тақдим этишади. ZAPU’нинг тириқ қолган жангчиларининг афв этиб, қолган қутганларни ZANU’га қўшиб юборишади. Шундай қилиб, Зимбабве Ғарбнинг тўлиқ маъқуллаши остида бир партияли давлатга айланади.

 

Қорачасига бўлиб олиш

Рақиблари билан ишни бир ёқлик қилгач, Мугабе ирқий масалага қайтди — бунга ҳам ўз иродаси туфайли эмас: кўпчиликнинг қўлидан фақат инсонни сўйиш келадиган собиқ қора партизанлар отряди на билим, на касб, на пулга эга бўлмагач, ўша оқ танлиларнинг ерларига даъво қила бошлашди. У мамлакатдаги вазиятни издан чиқаришга уринган ЖАРдаги коммандос-диверсантларнинг акцияларини сабаб сифатида келтиради. Мугабе ерсиз қора танлиларга ерларини тортиб олиб, бўлиб бериш кампаниясини бошлагач, Зимбабвенинг оқ танли аҳолиси қочишга тушди, иккинчи ярми сиёсий ҳаётда қатнашишдан намойишкорона воз кечиб, ички иммиграцияга кетди.

1987 йилда Мугабе конституцияга ўзгартириш киритиб, бош вазир лавозимини бекор қилиб, ўзи президент бўлиб олди. У ўз қулидан жамики ҳокимиятнинг жиловини маҳкам ушлаб турарди: ҳукумат, қуролли кучлар, парламентни тарқатиб юбориш ва истаганича сайловларда қатнашиш... Мугабе якка ўзи ҳукмрон бўлиб қолди ва барча нуфузли амалларни ўзига содиқ кишиларга бўлиб бера бошлади; оқлардан тортиб олинган фермалар рамзий суммага собиқ қашшоқ-партизанларга эмас, юқори мартабали амалдорларга пулланар эди. Мамлакатда коррупция қулоч ёйди. Роберт Мугабе шундай тизим қурдики, бунда у ва унинг қариндошлари ҳамда ишончли яқинлари туганмас бойликка эга бўлишди, мамлактанинг 85 фоиз аҳолиси эса йилига 300 доллар даромадга кун кўришга мажбур эдилар.

2008 йилги президент сайловлари олдидан нонга навбат
Фото: John Moore / Getty Images

Норозилик танқидий нуқтага етгач, Мугабе аҳолининг нафратини қолган-қутган оқ танлиларга йўналтиришга қарор қилди: улар «давлат душмани» деб эълон қилинди. Оқ танли ер эгаларининг 90 фоиздан кўпи мамлакатни тарк этди. АҚШ ва Европа иттифоқи давлатлари Мугабе у қадар ривожланиш тарафдори эмаслигини англаб, яна мамлакатга қарши санкциялар эълон қилишди. Шундан сўнг Зимбабве иқтисодиёти қулади. Гиперинфляция бошланди, нархлар бир неча соат ичида икки баробар оша бошлади, дўконлардан маҳсулотлар йўқ бўлиб қолди, поликлиника ва шифохоналар ишламай қолди — дори-дармон йўқ эди. Инфляция 230 миллион фоизга етганидан сўнг мамлакат Марказий банки маҳаллий валюта - Зимбабве долларини шунчаки бекор қилиб қўя қолди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 70 фоизга пасайди, ерларнинг учдан икки қисми ташландиқ ҳолатга келди, собиқ партизанлар мураккаб агротизимларни ишлатишни эплай олишмади. Мамлакат ҳалокат ёқасига келиб қолди. Мамлакатнинг ҳамма кўргиликларида Мугабе неоимпериалистларни айблаб, намойишкорона тарзда Британия ҳамдўстлигини тарк этди.

 

Ундан беш баттар мухолифат

Собиқ касаба уюшмалари етакчиси Морган Цвангираининг «Демократик ўзгаришлар учун» ҳаракати Мугабе учун ягона жиддий мухолифат бўлди. Илк сайловлариданоқ у ZANU’га бирозгина ютқазиб қўйди, Цвангираи эса мағлубиятни тан олмади. Унга дарҳол ғарб давлатлари эътибор қаратишди, ниҳоят Зимбабведа қўллаб-қувватлаш мумкин бўлган истиқболли етакчи пайдо бўлди. Цвангираига дарҳол ҳуқуқ ҳимоячиси мукофотини бериб, Стэнфорддаги университетга ўқишга таклиф қилишди.

2008 йилги президентлик сайловлари сиёсий инқироз билан якун топди: Кўплаб сохталаштиришлар ва маъмурий босимларга қарамасдан Цвангираи биринчи турда Мугабедан ўзди, бироқ унинг тарафдорларига нисбатан уюштирилган қатағон туфайли иккинчи турда иштирок этишдан бош тортди. Иккинчи турда ягона номзод бўлиб қолган Мугабе 85,5 фоиз овоз тўплаб сайланади, бироқ хорижда бу сайлов ҳақиқий, деб топилмайди. Фақатгина ЖАРнинг аралашуви билан ўртадаги таранглик юмшатилади: мухолифат Мугабенинг сайланганига мухолифат рози бўлади, Цвангираи эса атайлаб шу вазият учун қайта тикланган бош вазир лавозимини олади.

Кейинги йилларда мухолифат ўзининг бор обрўсини тушириб бўлади. Цвангираи қўш ўйин олиб борарди, оммавий чиқишларида санкцияларга қарши гапириб, ўзаро суҳбатларда эса ғарблик дипломатларни уларни янада чўзишга кўндиради. Аниқланишича, мухолифат вакиллари ҳокимият тепасидагилардан ҳеч нарсаси билан фарқ қилмас экан: ёғли жойларга ўзларини таниш-билишларини ўтказар, порани ҳам ҳудди Мугабенинг яқинлари каби олишар экан. Натижада кейинги сайловларда Мугабе бирорта сохтакорликка йўл қўймасдан бемалол ғалаба қозонди. Унинг партияси ҳаттоки илгари мухолифатчиларники деб ҳисобланган ҳудудларда ҳам ишончли ғалаба қозонди.

Ҳозир мамлакатда мухолифат бўлиб ташланган ва ҳокимиятга реал таҳдил кўрсата олмайди. Мухолифатни доим пул билан таъминлаб келувчи Ғарбнинг ноэҳтиёткорона хатти-ҳаракатлари эса давлат пропагандасининг тегирмонига сув қўйгани қоляпти, холос.

 

«Лакост жамоаси» G40 га қарши

Кенг тарқалган хато фикрга терс ўлароқ, Мугабе Африкадаги ҳокимият тепасида энг узоқ қолаётган етакчи эмас. Ангола президенти Жозе Эдуарду душ Сантуш ва унинг Экваториал Гвинеядаги ҳамкасби Теодоро Обианг Нгема Мбасого 1979 йилдан буён ҳокимият тепасида туришибди.

Роберт Мугабе 93 ёшга кирган, простата бези саратонига дучор бўлган ва фурсат етди дегунча Сингапурга бориб даволаниб келади. Гарчи унинг фикри тиниқ бўлса-да, валиаҳд ҳақидаги савол кундан кунга долзарблашмоқда.

Зимбабведаги ҳокимият ва таъсир учун икки гуруҳ кураш олиб бормоқда. Биринчиси — президентнинг 51 ёшли рафиқаси Грейс Мугабе етакчилик қилаётган G40 (Қирқ ёшлилар авлоди қисқартмаси) жамоаси. Уни асосан ёш вазирлар қўллаб-қувватламоқда.

Грейс Мугабе
Фото: Philimon Bulawayo / Reuter

Иккинчиси — «Тимсоҳ» лақабли, ўта мураккаб тақдирга дучор бўлган Эммерсон Мнангагва етакчилигидаги «Лакост жамоаси». У ёшлигида кўча безориларнинг «Тимсоҳ» бандасига бориб қўшилгани сабабли, ўз лақабини орттирган. Жанубий Родезияда партизанлар уруши бошланиб кетгач, у оқ танли фермерни ўлдиради, у ҳибсга олинади, бироқ суднинг хатоси туфайли озод этиб юборилади ва Мугабега бориб қўшилади. Мнангагва тарафдорлари ўз лақабини қимматбаҳо нарсалар, хусусан, Lacoste маркасига бўлган муҳаббати туфайли орттирган. «Лакост жамоаси» етакчисининг лақаби билан боғлиқ ё йўқлиги аниқмас. Мнангагва томонида озодлик курашининг собиқ фахрийлари бор, улар Зимбабведа етарли даражада жиддий куч саналишади.

Мамлакатдаги энг қадратли ўйинчилардан бири — армия намойишкорона ўз бетарафлигини кўрсатиб турибди. Бош штаб раҳбари Константин Чивенга мамлакат бош постини озодлик урушида қатнашмаган инсонга бермаслигини таъкидлаб ўтган. Яъни мухолифат вакилларида имконият йўқ.

Саломатлиги билан боғлиқ муаммоларга қарамасдан, Мугабе вазиятни тўлиқ назорат қилмоқда ва гоҳ у гуруҳни, гоҳ бунисини қўллаб, «ажратиб ташла ва бошқар» принципига асосланиб, маза қилаяпти, чолгина тушмагур....

 

Жанубий Африка юраги

«Қирқ ёшлилар авлоди» ва «Лакост жамоаси» Мугабенинг ўлимидан сўнг ҳокимиятни тинчгина бўлиб ололишадими-йўқми, Жанубий Африкада тинчлик ҳукмрон бўлиши ҳам шунга боғлиқ бўлиб турибди. Минтақанинг барча савдо йўналишлари Зимбабведан ўтади. Боз устига, мамлакатда тартибсизликлар бошлангудек бўлса, у мамлакат ташқарисига ҳам чиқиб кетиши мумкин.

Зимбабвенинг барқарор бўлишидан ташқи ўйинчилар, биринчи навбатда, Хитой ҳам манфаатдор. 2002 йили Ғарб мамлакатга санкция эълон қилгач, ХХР Мугабега ёрдам қўлини чўзган. Ҳозир Зимбабве пойтахти Ҳараре шаҳрида Хитойнинг кафе ва ресторанлари фаолият кўрсатмоқда, Хитойдан қурол-яроғ ва кўплаб кийим-кечаклар олиб кирилади, эвазига фойдали қазилмалар ташиб чиқиб кетилади. Олтин, хром, платина ва олмослар қазиб олинадиган шахталар ҳозир Хитой бизнесменларига тегишли.

Россия ҳам ортда қолишни истамаяпти: Улар жаҳонда катталиги бўйича учинчи ўринда турган Дарвендейл платина конини ишга туширишда иштирок этишмоқда. Ҳаттоки АҚШ ва Европа иттифоқи ҳам Зимбабвега қайтиш йўлларини қидиришмоқда: сўнги йилларда ЕИ ошкор қилмасдан мамлакатга жорий этилган санкцияларнинг катта қисмини бекор ҳам қилиб бўлди.

Дарвендейл кони
Фото: greatdykeinvest.com

Зимбабве Республикаси келгусида қандай ривожланмасин, бир нарса аниқ: унинг тарихида собиқ мактаб ўқитувчиси Роберт Мугабе билан шахсият миқёсида тенглаша оладиган иккинчи одам пайдо бўлиши қийин.

Мавзуга оид