01:18 / 10.06.2017
92211

Сувга «ғарқ» бўлаётган «Варқ» турар-жой массиви

Ҳурматли таҳририят ходимлари. Бугунги кунда президентимиз томонидан қабул қилинаётган фармон ва қарорлар ўта долзарблиги ва ҳаётийлиги билан халқни қувонтирмоқда.

Айниқса, аҳолига арзон ва сифатли уйлар қуриб бериш тўғрисидаги қарорлари кўпчиликни кайфиятини кўтариб юборди. Мамлакатимизда бўлаётган ижобий ўзгаришлар билан ҳар куни Kun.uz сайтида танишиб борамиз. Бундан ташқари, таҳририятнинг жонкуяр раҳбар ва ходимларининг ташаббуслари билан бир қатор муаммолар ҳам ўз ечимини топаётганлигини гувоҳи бўлмоқдамиз.

Сизга маълумки, биринчи Президентимиз ташаббуси билан қишлоқ жойларида кўплаб намунавий лойиҳалар асосида уйлар қурилиб фойдаланишга топширилди. Хусусан Навоий вилоятида ҳам бир қанча массивларда янги уйлар барпо этилди. Ушбу намунавий лойиҳалар асосида қурилган уйларда барча шароитлар яратилган бўлиб, шаҳар уйларидан ҳеч ҳам қолишмаслиги тўғрисида телевизорда кўрсатишади.

Бошқа вилоятларда қурилган уйлар билан бизнинг массивдаги уйларни солиштириб кўрганимизда ер билан осмонча фарқ бор. Бошқа вилоятларда қурилган уйларни бориб кўрганимизда тўғриси жуда ҳавасимиз келган эди. Биз ҳам Навоий вилояти Кармана тумани «Варқ» массивида 2012–2013 йилларда (180 та уй) қуриб, фойдаланишга топширилган уйлардан яхши ният билан олган эдик.

Лекин минг афсуски, биз яшаётган уйлар қурилганига эндигина 3–4 йил бўлган бўлса-да, 50–60 йил илгари қурилган уйлар кўринишига келиб қолган. Ҳар йили уйларимизни ташқи ва ички кўринишини таъмирласак-да, сизот сувларининг яқинлиги боис деворлар нураб бормоқда. Кўпчилик уйларнинг пойдевори чўкиб, деворлари ёрилиб кетган.

Биринчи муаммо: Уйларимизнинг кун ботиш томонидан катта (кўтарма) ариқ ўтказилган бўлиб (ҳозирги кунда фойдаланилмайди) ушбу ариқ шу ерда яшовчи аҳоли учун жуда катта зарар келтирмоқда. Ушбу кўтарма ариқни фермерлар ерларини суғориш учун тайёрлашган, лекин бугунги кунда ундан фойдаланишмайди, чунки фермерлар учун бошқа бетон ариқ ўтказилган. Кўтарма ариқнинг баландлиги уйларимизнинг томи билан деярли тенг. Ариқдаги сув дамланиб қолиши эвазига уйларимизни зах босиб кетаяпти, қазилган канализация қудуқлари ва ҳожатхона ҳандақлари сувдан тўлиб қолмоқда. Ушбу ариқ атрофи ва ариқ ичини қамиш ва турли ёввойи ўтлар босиб кетганлиги сабабли жуда хунук манзара акс эттириб турибди. Уйларни қуриш пайтида экинларни суғориш учун оқава сув келадиган кичик бетон ариқчалар қурилмаган, натижа экинларни суғориш ҳам муаммо бўлиб келмоқда.

Агар ушбу кўтарма ариқ олиб ташланиб, ўрнига кичкина лоток ариқ қилинса, кўтарма ариқ ўрнига ҳам мевали ва манзарали дарахтларни ўтказиб маҳалламиз ободлигини таъминлашда ўз ҳиссамизни қўшардик.

Иккинчи муаммо: Уйларимиз Кармананинг энг чуқур жойига қурилганлиги сабабли ер ости сувлари жудаям яқин. Тўртала томонимиздан зовурлар ўтказилганлигига қарамай, зовур сувлари биридан-иккинчисига ўтади ва бизни уйларимизни айланиб оқади. Мана 4 йилдирки, мутасаддилар зовур сувларини қочириш йўлини топишгани йўқ. Экилган мевали ва манзарали дарахтларимизнинг томирлари сувга етганлиги сабабли аксарият дарахтларимиз қуриб қолмоқда. (Ерни 30–40 см. қазилса зах сув чиқади). Зовурлар ичи ва атрофи қамишзорларга айланиб қолганлиги боис ёз кунлари дунёнинг барча пашшаси шу ерга йиғилгандай бўлади, кечаси умуман ётиб бўлмайди. Пашшадан ҳимояланишнинг барча чораларини кўрсак ҳам уддасидан чиқолмаяпмиз. Эрталаб болаларимизнинг юз-кўзларига қараб бўлмайди. Ахир пашшалар касаллик ташувчилар ку, буни ҳам мутасаддиларимиз ўйлаб кўришгани йўқ.

Учинчи муаммо: Мактаб қурилиши учун ажратилган жойга техникалар келиб бир ҳовуч тупроқ олиши билан ер ости суви чиқиб кетди ва қурувчилар бу ерни ташлаб бошқа жойдан мактаб қурилишини бошлади, лекин биринчи қурилиш бошланган жой ташландиқ жойдай қолиб кетди ва уйларимизни ўртасида кишини таъбини хира қиладиган манзарага айланиб қолди. Ушбу жойда кичик футбол майдони ва болалар ўйнайдиган майдонча ташкил этилса, маҳаллада яшовчи барча уй эгалари ҳам қараб турмайди. Баҳоли қудрат ўз ҳиссаларини қўшишга тайёр.

Ҳурматли ижодкорлар, мазкур масалалар бўйича бир неча маротаба тегишли ташкилотларга мурожаат қилдик, лекин натижаси бўлмаяпти!

Наҳотки Биринчи президентимиз ташаббуси билан қурилган уйларга бугунги кунда ҳеч ким эътибор бермаса, бизнинг мурожаатларимизга шунчаки оддий муаммодай қаралса? Шу кетишда давом этадиган бўлса уйларимиз чўкиб, 15 йиллик кредит тўловларини ҳам тўлаб бўлишимизни кутмай қулаб қолиш хавфи бор.

Биз дардимизни кимга айтишни ҳам билмай қолдик, охир-оқибат «Kun.uz» таҳририятига мурожаат қилсак, муаммони ечимини топишга ёрдам берар деган ниятда Сизларга ушбу аризани йўлламоқдамиз. Юқоридагилардан келиб чиқиб, бизнинг муаммомизни ижобий ҳал этилишида амалий ёрдам кўрсатишингизни илтимос қиламиз. Сизларга ҳурмат билан,

Навоий вилояти Кармана тумани «Варқ» массивида яшовчи уй эгалари

Top