Жаҳон | 08:18
1063
2 дақиқада ўқилади

Харита: қайси давлатларда 65 ёшдан ошганлар улуши энг юқори?

Дунё аҳолисининг қариши глобал демографик тенденцияга айланмоқда. Бу жараён бир томондан одамлар умр кўриш давомийлигининг ортиши, иккинчи томондан эса туғилиш кўрсаткичларининг пасайиши билан изоҳланади. Янги инфографикада дунё мамлакатлари аҳолиси таркибида 65 ёш ва ундан катта фуқароларнинг улуши акс эттирилган.

Фото: REUTERS

Мутахассисларнинг таъкидлашича, кекса аҳоли улушининг ўсиши соғлиқни сақлаш тизими ва турмуш даражаси юқори эканининг белгиси ҳисобланади. Бироқ бу ҳолат пенсия таъминоти, тиббий хизмат ва ижтимоий инфратузилмага қўшимча босим ҳам юклайди.

Тадқиқот натижаларига кўра, дунёда кекса аҳоли улуши энг юқори бўлган давлат — Монако ҳисобланади. Князлик аҳолисининг 36,2 фоизини 65 ёшдан ошганлар ташкил этади.

Бу борада Япония ҳам етакчи давлатлар қаторида. Мамлакат узоқ умр кўриш бўйича дунёдаги энг юқори кўрсаткичларга эга бўлиб, аҳолининг ўртача ёши қарийб 50 ёшни ташкил қилади. Японияда 65 ёшдан катталар улуши 29,8 фоизга етган.



Европанинг кўплаб давлатларида ҳам аҳолининг қариши жиддий демографик муаммо сифатида баҳоланмоқда. Қитъадаги мамлакатларнинг ярмидан кўпида кекса аҳоли улуши 20 фоиздан юқори.

Россияда 65 ёшдан ошганлар аҳолининг 17,2 фоизини ташкил этади. АҚШда эса бу кўрсаткич бироз юқорироқ бўлиб, 17,9 фоизга тенг.

Аксинча, Африка ва Яқин Шарқнинг кўплаб мамлакатларида аҳоли таркиби анча ёш ҳисобланади. Бу ҳудудларда 65 ёшдан ошганлар улуши аксарият ҳолларда 5 фоиздан ҳам паст.

Масалан, Қатарда кекса аҳоли улуши атиги 1,7 фоизни ташкил этади. Бу мамлакатда меҳнатга лаёқатли ёшдаги аҳоли ва меҳнат мигрантлари сонининг юқорилиги демографик таркибга сезиларли таъсир кўрсатмоқда.

Демографлар фикрича, аҳоли қариши келгуси ўн йилликларда кўплаб давлатлар учун иқтисодий ва ижтимоий сиёсатнинг асосий чақириқларидан бири бўлиб қолади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид