22:26 / 14.06.2017
8520

4 футболчи сотиб олган «Милан» бешинчиси учун ҳаракат олиб бормоқда

«Фиорентина» ҳужумчиси Никола Калинич «Милан» клуби нишонида турибди.

«Бинафшалар» ушбу футболчи учун 30-35 млн евро сўрамоқда, бироқ миланликлар нархнинг пасайтирилишига эришмоқчи.

La Nazione хабарига кўра, «Милан» раҳбарияти футболчи учун Габриэл Палетта ва Жанлука Лападулани қўшиб бермоқчи ва 8-10 млн евро маблағ тўлашни кўзлаган.

Калиничнинг ўзи миланликлар билан шахсий шартнома борасида келишиб олгани айтилмоқда.

Бу трансфер ҳақидаги хабарлар фонида жамоани асосий ҳужумчи Карлос Бакка тарк этиш тараддудида. 

Карлос Бакканинг «Милан» билан имзолаган шартномаси 2020 йилгача амал қилади. Унинг трансфер нархи 30 млн еврога тенг.

Айни пайтда Бакка билан «Марсель» клуби қизиқмоқда. Провансалликлар 30 ёшли футболчига 4 млн евро маош беришга тайёр. Колумбиялик ҳужумчи Испания чемпионатига қайтишни истамоқда.

Қайд этиш керакки, янги хўжайинлар қўлига ўтган «Милан» шу вақтгача 4 трансферни расмийлаштирди: «Вильярреал»дан ҳимоячи Марио Мусаккио, «Аталанта»дан таянч ярим ҳимоячиси Фрэнк Кэссие, «Вольфсбург»дан ҳимоячи Рикардо Родригес ва «Порту»дан ҳужумчи Андре Силва сотиб олинган.

Top