Ўзбекистон | 23:56 / 15.06.2017
69120
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 130дан ортиқ миллат ва элат вакиллари аҳил яшаб келмоқда

Ўзбекистон - кўп миллатли ва кўп конфессияли давлат. Президент Шавкат Мирзиёев навбатдаги видеоселектор йиғилишида шу мавзуга тўхталиб ўтди.

"Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек аҳил ва иноқ яшамоқда. Бу борада, ҳеч шубҳасиз, халқимизга азалдан хос бўлган бағрикенглик анъаналари муҳим роль ўйнамоқда. 

Ана шу ҳақиқатнинг тарихий тасдиғи сифатида бир мисол келтирмоқчиман. Самарқанд шаҳрида Соҳибқирон Амир Темур даврида бунёд этилган, Дониёр пайғамбар номи билан аталадиган мақбара ислом, христиан ва яҳудийлик дини вакиллари томонидан бирдек эъзозланади. 

Эл-юртимиз неча асрлардан буён бу қутлуғ қадамжони асраб-авайлаб, обод қилиб, унга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб келмоқда.

Шу биргина мисолнинг ўзи олижаноблик, эзгулик ва том маънодаги бағрикенглик фазилати халқимиз табиати, менталитети асосини ташкил этишидан далолат беради", - деди давлат раҳбари.

Шу ўринда Конституциямиз ва қонунларимизда, миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча фуқароларимиз тенг ҳуқуқ ва эркинликларга эга экани кафолатлаб қўйилганига эътибор қаратилди. Шунингдек уларга ўз миллий маданияти, анъана ва урф-одатларини сақлаш, ҳар томонлама ривожлантириш учун барча имкониятлар яратилгани таъкидланди. 

Биз бугун амалга ошираётган Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи устувор йўналишида ҳам миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш бўйича энг муҳим вазифалар белгилаб берилгани алоҳида қайд этилди.

"Юртимизда этник ўзига хосликни ривожлантириш ва миллатлараро муносабатларни янада уйғунлаштиришда 138 та миллий маданий марказ катта роль ўйнамоқда. 

Ана шу марказлар фаолиятини янги босқичга кўтариш, хорижий мамлакатлар билан маданий дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш мақсадида биз яқинда муҳим бир қарор қабул қилдик. Унга биноан Республика байналмилал маркази негизида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилди.

Эндиги вазифа – мазкур қўмита олдига қўйилган долзарб масалаларни самарали ҳал қилиш, унинг фаолиятини талаб даражасида ташкил этишдан иборат", - деди Ш.Мирзиёев.

Мавзуга оид