Жаҳон | 07:45 / 16.06.2017
5235
2 дақиқада ўқилади

АҚШ сенати Эронга қарши санкциялар ҳақидаги қонун лойиҳасини қабул қилди

Фото: AP Photo/Susan Walsh

АҚШ сенати Эронга қурол-аслаҳа етказишда иштирок этганлик учун санкциялар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини қабул қилди. Ҳужжат зарур миқдордаги овоз йиға олган.

Қонун лойиҳаси матнига кўра, АҚШ президенти Эроннинг баллистик ракета ёки бошқа турдаги оммавий қирғин қуроллари яратиши дастурига алоқаси бўлган ёки кўмак кўрсатган шахсларга нисбатан санкциялар киритиши керак. Санкциялар киритишга молиявий хизматлар, моддий ва технологик қўллаб-қувватлаш, ракеталарни яратиш учун материалларни ташишни ташкиллаштириш каби хатти-ҳаракатлар асос бўлиши мумкин. Санкциялар остига тушган шахслар АҚШ визаси ололмайдилар, америкаликларга эса бундай одамлар билан ишчи муносабатлар ўрнатиш тақиқланади. Бундай шахсларнинг АҚШдаги мол-мулки ва активларига тақиқлов қўйилади.

Қонун лойиҳасига АҚШ президенти Эронга "танк, зирҳли техника, йирик калибрли артиллерия қурилмалари, жанговар авиация, зарба берувчи вертолётлар, ҳарбий кемалар, ракета ва ракета тизимлари" етказиб беришда иштирок этганларни "қора рўйхат"га киритиши мажбурлиги ҳақидаги банд киритилган.

Эрон қуролли кучларининг нуфузли қисмлари – Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига нисбатан санкциялар киритиш алоҳида кўзда тутилган. Санкциялар, шунингдек, корпус билан ҳамкорлик қилувчи хорижий шахсларга ҳам тааллуқли бўлади.

Ушбу қонун лойиҳасига, шунингдек, Россияга нисбатан санкцияларни қатъийлаштириш ҳақидаги тузатиш киритилган. Энди бу қонун лойиҳаси вакиллар палатаси томондан кўриб чиқилади ва агар маъқулланса, АҚШ президентига имзолашга топширилади.

Мавзуга оид