17:47 / 19.06.2017
7909

Хитой, Эрон, АҚШ ва Қатар Форс кўрфазидаги инқироз фонида машқлар ўтказди

Хитой ва Эрон Форс кўрфазида қўшма ҳарбий-денгиз машқларини ўтказди. Бу ҳақда The South China Morning Post хабар бермоқда.

Машқлар якшанба, 18 июнь куни, Бандор-Аббос порти яқинида бўлиб ўтган. Уларда Эрон ва Хитойнинг иккита эсминеци, таъминот кемаси ва вертолёт қатнашган. Хитой отряди қўмондони контр-адмирал Шэнь Хаонинг сўзларига кўра, қўшма машқлар икки флот денгизчилари ўртасида дўстлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга йўналтирилган. Машқлар тугаганидан сўнг Хитой флотилияси Уммонга кетган. Бир кун аввал, 17 июнь куни, АҚШ кемалари Қатар ҲДК билан қўшма машқлар ўтказди.

Машқлар минтақадаги кенг кўламли инқироз фонида ўтказилди. 2017 йилнинг май ойи охирида АҚШ президенти Дональд Трамп, Саудия Арабистонига ташрифи давомида, Эронни террорчилик ташкилотларини қўллаб-қувватлашда айблади. «Теҳрон Ливандан то Ироқ ва Ямангача террорчи ҳамда бошқа экстремистик гуруҳларга ҳомийлик қилиб, уларни қурол билан таъминлайди ва машқ қилдиради, - дея маълум қилди Трамп. – Бу ҳукумат, оммавий қотилликлар ҳақида очиқ гапириб, Исроил ва АҚШни йўқ қилишга чақирмоқда». Бунга жавобан Эроннинг олий етакчиси оятуллоҳ Хоминаий Қўшма Штатларни Яқин Шарқдаги вазиятни беқарорлаштириш ва ИШИД террорчилик гуруҳини ташкил этишда айблади.

Top