Жаҳон | 21:32 / 01.07.2017
10936
2 дақиқада ўқилади

Путин Қатар амири ва Баҳрайн қироли билан мулоқот ўтказди

Россия президенти Владимир Путин Қатар амири Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан телефон орқали мулоқот ўтказди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати маълум қилди.

"Қатар ва бир қатор давлатлар ўртасидаги муносабатлардаги инқироз батафсил муҳокама қилинди. Владимир Путин мавжуд келишмовчиликларни енгиш ва юзага келган мураккаб вазиятни нормаллаштиришга қаратилган сиёсий-дипломатик саъй-ҳаракатлар муҳимлигини қайд қилиб ўтди", дейилган хабарда.

Икки давлат етакчиси Россия-Қатар ҳамкорлик масалалари ва бир қатор, жумладан инвестициялар ва энергетика соҳаларидаги бир қатор истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилишди. Путин ва Ол Соний турли даражаларда алоқаларни қўллаб-қувватлашга келишиб олдилар. 

Путин шунингдек Баҳрайн қироли Ҳамад бин Исо Ол Ҳалифа билан ҳам суҳбатлашди. 

Етакчилар 2016 йил сентябрда Москвада ўтган олий даражадаги Россия-Баҳрайн музокараларида эришилган келишувларнинг амалга оширилишини муҳокама қилишди.   

"Суҳбат давомида охирги вақтда кузатилаётган савдо-иқтисодий алоқалар ривожланишининг ижобий динамикаси қайд этилди", дейилган хабарда. 

Путин ва Ол Ҳалифа Қатар атрофидаги вазиятни муҳокама қилишди ва у Яқин Шарқдаги шундоқ ҳам мураккаб вазиятга салбий таъсир кўрсатишини қайд қилиб ўтдилар. Улар шу сабабли ихтилофга алоқадор барча давлатлар ўртасида ўзаро ҳурматга асосланган тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлаб ўтишди.   

Мавзуга оид