19:17 / 02.07.2017
33370

Дунёнинг энг қудратли смартфонлари аниқланди

HTC U11 дунёнинг энг қудратли смартфони сифатида тан олинди. Гаджет таниқли бенчмарк-дастур ишлаб чиқарувчилари томонидан тузилган рейтингида биринчи ўринни эгаллади.

Рейтинг жорий йилнинг май ойи якунлари бўйича тузилган. Энг қудратли қурилмалар қатор хусусиятларга кўра аниқланди - самарадорлик, маълумотларни қайта ишлаш тезлиги ҳамда SD карта билан ишлаш шулар жумласидандир. Баҳолаш тизими якунларига кўра, Тайваннинг HTC компанияси томонидан ишлаб чиқарилган U11 смартфони биринчи ўринни эгаллади. Смартфон реализацияси ўтган ойнинг ўртасида йўлга қўйила бошланган бўлишига қарамай, у бозорда анча мустаҳкам позицияларни қайд этди. Гаджет қудрати 180 минг баллга баҳоланди. 

Иккинчи ўрин iPhone 7 Plus'га насиб этди. Флагманнинг техник хусусиятлари 174 000 баллга баҳоланди. Шуниси диққатга сазоворки, Apple компанияси маҳсулоти сўнгги чорак давомида барча рейтингларда етакчи ўринларни эгаллаб келмоқда. 

Етакчилар учлигини ишлаб чиқарувчи компания томонидан энг қудратли смартфон дея эълон қилинган Xiaomi Mi 6 якунлади. Бироқ синов натижаларига кўра у 172 000 баллга баҳоланди ва фахрли 3-поғонани забт этди. 

Тўртинчи ва бешинчи ўринларда Samsung компаниясининг флагман моделлари - Galaxy S8 ва Galaxy S8+ қайд этилди. 

Top