Спорт | 08:27 / 02.07.2017
11328
2 дақиқада ўқилади

Машҳур теннисчи ўлим билан тугаган ЙТҲда айбланмоқда

Машҳур америкалик аёл теннисчи Винус Уильямс унинг иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлган 78 ёшли эркакнинг оиласи ва яқинларига Facebook орқали ўз ҳамдардлигини билдирди.

"Мен авариядан кейин тушкун ҳолатдаман ва қайғудан адо бўлдим. Мен чин юракдан Жером Барсон оиласи ва дўстларига ҳамдардлигимни билдираман ва улар ҳақига дуода бўлиб, улар ҳақида ўйламоқдаман", дейилган хабарда. 

Гувоҳлар маълумотларига кўра, машҳур теннисчи Серена Уильямснинг опаси Винус Toyota Sequoia машинасида светофорнинг қизил чироғида чорраҳага чиқиб кетган. Оқибатда унинг машинасига 78 ёшли Барсон ўтирган Hyundai Accent машинаси келиб урилган. Машинани эркакнинг рафиқаси Линда Барсон бошқарган. Эркак 2 ҳафта ўтгач, олинган жароҳатлардан шифохонада вафот этган. Винуснинг ўзига ҳеч нарса қилмаган.  

Спортчининг адвокати унинг айбсиз эканлигини таъкидламоқда. Унинг айтишича, Винус йўл ҳаракати қоидасини бузмаган ҳолда чорраҳага яшил чироқда 8 км/соат тезлик билан чиққан. Маълум қилинишича, марҳумнинг оиласи Уильямс устидан судга ариза берган. Флорида полицияси ушбу ҳодисани тергов қилишда давом этмоқда.

37 ёшли Винус Уильямс "Катта дубулға" сериясига кирувчи мусобақаларнинг етти карра ғолибаси ҳисобланади. У, шунингдек, Олимпия ўйинларининг олтин медалларини 4 марта, жумладан 3 марта синглиси Серена билан жуфтликда қўлга киритган. 

Мавзуга оид