Жаҳон | 19:30 / 04.07.2017
5336
2 дақиқада ўқилади

Еврокомиссия раҳбари Европарламент депутатларини танқид қилди

Фото: aa.com.tr

Еврокомиссия раҳбари Жан-Клод Юнкер йиғилишларни ўтказиб юбораётган Европарламент депутатларини кескин танқид қилди. Гап шундаки, у чиқиш қилган йиғилишда 751 депутатдан 30 нафаригина қатнашган. "Анадолу" агентлиги шу ҳақида хабар берди. 

"Мен бошқа бундай мажлисларда иштирок этмайман", - деди Юнкер.

Еврокомиссия раҳбари Европа парламентарийларининг бундай хатти-ҳаракатларини "шармандали" деб атади. 

"Ялпи мажлисда муаммони муҳокама қилиш учун бир неча депутатларгина қатнашишади. Бу Европарламент учун шармандали ҳолат. Иштирокчиларининг бундай муносабати депутатларнинг йиғилишни жиддий қабул қилмаётганлигидан далолатдир", - деди Юнкер. 

"Бу ерда Мальта бош вазири Жозеф Мускат эмас, Ангела Меркель ёки Эммануэль Макрон чиқиш қилганда эди, зал тўлган бўларди", - деди Еврокомиссия раҳбари.

Европарламент раиси Антонио Таяни бунга кескин муносабат билдирди. 

"Жаноб раис, сиздан ҳурмат билан муносабатда бўлишингизни сўраб қоламан. Сиз парламентни танқид қилишингиз мумкин, бироқ парламентни назорат қилиш Еврокомиссия вазифасига кирмайди. Аксинча, парламент Еврокомиссияни назоратга олиши керак", - дея таъкидлади Таяни. 

Европа Иттифоқи раислиги 1 июль куни Мальтадан Эстонияга ўтди. 

Мавзуга оид