Жаҳон | 19:50 / 04.07.2017
16550
2 дақиқада ўқилади

Хитойдаги «автобус-портал» молиявий фирибгарлик маҳсули бўлиб чиқди

Хитой полицияси «келажак транспорти»ни яратишга дахлдор барчани фирибгарлик иши доирасида қидирувга берган. Инвесторлар ўзларининг пулларини қайтариб ололадими-йўқми, буниси ҳозирча номаълум.

Илгари бу автобус лойиҳаси молиявий фирибгарликнинг бир қисми бўлиши мумкин эканлиги ва унинг яратувчилари йўқолиб қолгани ҳақида хабар берилган эди.

«Келажак транспорти» — яратувчиларнинг ваъда қилишича, тирбандликлар исканжасида қолган мегаполисларда йўловчиларнинг ҳаракати муаммоасини ечишга қаратилган TEB-1 автобус-портали лойиҳаси полиция суриштируви билан якун топди. Айни пайтда фирибгарлик иши бўйича тергов олиб борилмоқда ва унинг доирасида 30 дан зиёд киши, жумладан, автобусни ишлаб чиқиш билан шуғулланган TEB Tech компаниясининг ижрочи директори ҳам ҳибсга олинган.

Ўтган йили хитойлик инженерларнинг бу ишланмаси ҳақида кўп гапирилган, ёзда эса Пекинда ўтган кўргазмада ушбу транспорт воситасининг тўлақонли концепцияси намойиш этилган эди. Ҳаттоки янги технологиянинг намунаси тайёрланиб, барча хоҳловчиларга унда сайр қилиш имконияти тақдим этилганди.

Бир неча ой ўтгач, TEB Tech у намойиш қилинган йўл бўлагида қолдириб кетилгани ойдинлашганди. Ўшанда маҳаллий мухбирлардан бири қўриқчилардан автобус тақдири борасида қизиқиб сўрайди, қўриқчилар эса анчадан бери уни яратганлар алоқага чиқмаётганини айтишади.

Айни пайтда ушбу фирибгарлик иши бўйича полиция суриштирув ишлари олиб бораётгани ойдинлашди. Полициядагиларнинг маълум қилишларича, TEB-1 ишлаб чиқувчилари инвесторлардан умумий ҳисобда 1,3 миллиард доллар олишган ва эвазига ҳеч қандай молиявий кафолат беришмаган. 72 инвестор аллақачон пулларини қайтаришни талаб қилиб, компанияни судга берган.

Айни пайтда «келажак транспорти» автотураргоҳлардан бирига ўтказилган ва у шу ерда чириб йўқолса керак. Унинг ҳаракатини таъминлаган рельслар эса йўллардан олиб ташланмоқда.

Мавзуга оид