21:10 / 04.07.2017
9914

Олий лига. «Бунёдкор» сўнгги дақиқаларда «Насаф»дан ғалабани илиб кетди

Фото: Offsayd.uz

Олий лиганинг 3-турида қолдирилган учрашуви доирасида «Бунёдкор» «Насаф»ни қабул қилиб жуда муҳим ғалабани қўлга киритди.

учрашувнинг биринчи бўлимида аввалига Элдор Шомуродов Достон Ҳамдамовнинг узатмасидан сўнг дарвозабон билан яккама-якка чиқиб ҳисобни очган бўлса, Баҳром Абдураҳимов Фаррух Сайфиевнинг чап қанотдан етказиб берилган тўпини боши билан Зуҳуров дарвозасига йўллаб ҳисобни тенглаштирди.

Иккинчи бўлимда Шаҳзодбек Нурматов жарима майдонига кирмасдан туриб берган зарбаси қаршиликлар ҳимоячисига тегиб йўналишини ўзгартирди ва дарвоза тўридан жой олди. 83-дақиқага келиб «Насаф» ҳужумчиси Драган Черан жаримадан етказиб берилган тўпни боши билан дарвозага йўллаб ҳисобни тенглаштирганди. 

Шундан сўнг устунлик «Насаф» томонига ўтди ва жамоа ғалабани илиб кетиш учун кўплаб имкониятларга эга бўлганди. Аввалига 88-дақиқада Ислом Кенжабоевнинг зарбасини Мурод Зуҳуров қийинчилик билан бартараф этган бўлса, Шаҳбоз Эркиновнинг зарбаси дарвоза устунига тегиб майдонга қайтди. Айнан шундан кейинги ҳужумни энди «Бунёдкор» футболчилари юзага келтиришди. Элдор Шомуродовнинг чап қанотдан узатган тўпни Дилшод Аҳамадалиев Суюнов дарвозасига тўғирлаб жамоасига ғалаба келтирган гол муаллифига айланди.

Ушбу ғалабадан кейин «Бунёдкор» ҳисобидаги очколар сони 21тага етди ва жамоа бир йўла 6 поғона кўтарилиб, 7-ўринга чиқиб олди. «Насаф» эса 26 очко билан 3-ўринда қолди.

Олий Лига,
3-тур қолдирилган ўйини

«Бунёдкор» – «Насаф» 3:2 (1:1)
Голлар: Элдор Шомуродов (21), Шаҳзодбек Нурматов (61), Дилшод Аҳмадалиев (90) — Баҳром Абдураҳимов (35) Драган Черан (83).  
«Бунёдкор»: Муроджон Зуҳуров, Рустам Ашурматов, Акрамжон Комилов, Жавлон Иброҳимов, Шаҳзодбек Нурматов (Миржаҳон Мираҳмадов, 81), Элдор Шомуродов, Достонбек Ҳамдамов (Фаррух Икромов, 38), Нурилло Тўхтасинов (Суҳроб Иззатов, 75), Дилшод Аҳмадалиев, Давронбек Умиров, Отабек Шукуров.
«Насаф»: Элдор Суюнов, Акмал Шораҳмедов, Мақсуд Каримов (Одилжон Ҳамробеков, 67), Азиз Ғаниев (Ислом Рашидхонов, 79), Дилшод Раҳматуллаев (Шаҳбоз Эркинов, 67), Баҳром Абдураҳимов, Ислом Кенжабоев, Игорь Голбан, Шерзод Аъзамов, Фаррух Сайфиев, Драган Черан.

Top