Жаҳон | 16:03 / 07.07.2017
8095
3 дақиқада ўқилади

Эксперт: Қоззофий ўғли Ливия тикланишида ҳеч қандай роль ўйнамайди

Фото: rt.com

Ливиянинг ағдарилган етакчиси Муаммар Қоззофийнинг шу йил июнь ойида озодликка чиқарилган Сайфул Ислом Қоззофий замонавий Ливияда ҳеч қандай ўрин тутмайди. Бироқ, унинг озодликка чиқарилиши Африканинг ушбу давлатида сиёсий инқирозни кучайтиради. Ливия миллий армияси расмий вакили, полковник Аҳмад ал-Мисмарий шундай фикрда.

"Ўйлайманки, Сайфул Ислом Ливияда ҳеч қандай роль ўйнамайди. Унинг озодликка чиқарилишига келадиган бўлсак, бундан кўзланган мақсад Ливия инқирозини кескинлаштириш ва парчаланишни кучайтиришдир, деб ҳисобланади", — деган полковник Италиянинг Nova ахборот агентлигига берган интервьюсида. 

Июнь ойи бошида 6 йиллар аввал Жамаҳирия етакчисининг ўғлини қўлга олган ва шу муддат мобайнида уни ҳибсда сақлаб келган "Абу Бакр ас-Сиддиқ" номли ҳаракат Сайфул Ислом озодликка чиқарилганини эълон қилди. 

"Дунёда катта ҳодисалар кутилмоқда": Каддафийнинг ўғли Саиф Ал-Ислом озодликка чиқди

Ҳозирда, унинг қаерда экани номаълумлигича қолмоқда. Халқаро Жиноят суди прокурори эса, Ливия собиқ етакчисининг ўғлини қайтадан ҳибсга олишга чақирди. ХЖС уни қамоққа олиш бўйича 2011 йилда ордер берган. 

Ал-Мисмарийнинг сўзларига кўра, маршал Халифа Ҳафтар етакчилигидаги ЛМА айни вақтда Ливиянинг 90 фоиз ҳудудини назорат қилмоқда ва у ердан Италияга ноқонуний муҳожирларни Италияга олиб ўтиш бўйича бирорта ҳам амалиёт бажарилмаган. 
 
Полковник Nova агентлигига берган интервьюсида 4 июль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманидаги қатор баёнотларини такрорлаган. Унинг айтишича, Ҳафтар қўшинлари Фаёз Сарраж раҳбарлигидаги Миллий бирлик ҳукумати ваколатлари поёнига етгач, яқин олти ойда Триполига киришни режалаштирмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, 2011 йили Муаммар Қоззофий тузуми ағдарилгач, унинг ўзи ва яқинларини қўлга олиш бўйича кенг қамровли амалиёт олиб борилди. Исёнчилар Қоззофийнинг ўзини ва ўғли Мутаосимни ўлдиришди. Яна бир ўғли Хамис Триполи бомбардимон қилинганда қурбон бўлди. Қоззофийнинг энг яқин издошларидан бири бўлган Сайфул Ислом қўлга олиниб, у 2015 йил июль ойида ўлим жазосига маҳкум этилган эди. Қоззофийнинг яна бир ўғлии Саъди Нигерга қочган бўлса-да, 2014 йилда Ливиянинг янги ҳукуматига топширилди. Қоззофийнинг қизи Оиша, рафиқаси ҳамда икки ўғли фарзандлари билан Жазоирга қочиб, у ерда бошпана олишди. 

Айни вақтда, Ливияда икки ҳокимиятлик ҳукм суради. Мамлакат шарқидаги Тобрук шаҳрида халқ томонидан сайланган парламент ҳукмронлик қилса, ғарбда жойлашган Триполи шаҳрида БМТ ва ЕИ кўмагида шакллантирилган Миллий бирлик ҳукумати фаолият юритади. Шарқий ҳукумат Триполидан мустақил равишда фаолият юритиб, ЛМА билан ҳамкорлик қилади. 

Мавзуга оид