12:44 / 08.07.2017
27772

Халқаро Пресс-клуб сессиясидан кейинги ўйлар...ёки биз кимни алдаяпмиз?

2017 йил Ўзбекистон ҳаётида том маънода бурилиш, ижобий ўзгаришлар йили сифатида тарихга кирса ажаб эмас. Давлат раҳбарияти томонидан бошланган ва кенг кўламда олиб борилаётган ислоҳотлар қамрови ақлни шоширади. “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари” йилида Давлат раҳбарининг шахсий намунаси билан том маънода халқ билан мулоқот йўлга қўйилди. Барча вазирлик ва идоралар, давлат органлари, раҳбарлар бундан аввало ўзлари манфаатдор эканликларини тобора ҳис қилишмоқда.

Халқаро Пресс-клуб эса бу борада ҳақиқий сенсация майдонларидан бирига айланди десак, муболаға бўлмайди. ХПК, ташкил этилганига кўп бўлганига қарамай,  давлат органлари ва ОАВ, халқ ўртасида бевосита мулоқот марказига айланиб улгурди. 

Фото: Халқаро пресс-клуб 

Аммо, масаланинг яна бир жиҳати борки, Пресс-клуб ошкоралик, шаффофлик руҳиятини қанчалик илгари суришга уринмасин, ўтказилаётган сессияларда қатнашаётган айрим ҳурматли спикерларнинг (улар хоҳ сенатор ёки вазир, бирор идора раҳбари бўлсин) ҳамон ҳадиксираши, саволларга аниқ ва лўнда эмас, қолипга солинган ва қаноатлантирмайдиган мужмал жавоблар бериши ёки бизда бу каби маълумот мавжуд эмас, дея масъулиятни ўзидан соқит қилишга уринишлари ҳамон учрамоқда. 

Хусусан, ХПКнинг куни кеча, 7 июлда бўлиб ўтган сессиясида Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзолари, қўмиталар раҳбарлари, турли вазирлик ва идоралар расмийлари, ОАВ иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. “Ўзбекистон” телерадиоканали ва MY5 телеканали орқали жонли эфирда намойиш қилинган сессиянинг 2 соатдан ортиқроқ вақти, асосан, умумий гаплар билан ўтиб кетди. Спикерларнинг регламентга риоя қилмаслиги сабабли савол-жавоб қисми қисқароқ бўлди, кўплаб муҳим саволлар берилмай қолиб кетди. Айрим саволларга берилган жавоблар, умуман, томошабинни қониқтирмагани аниқ. 

Масалан, сессияда ўқитувчи ва шифокорларнинг жойлардаги ҳокимиятлар томонидан кўча-кўйларни тозалаш, супур-сидир, ободонлаштириш ва ҳашарларга кенг жалб этилаётгани хусусида савол янгради. Бунга жавобан, спикерлардан бири томонидан билдирилган фикр, вазиятни билмаслиги ёки саволни тўғри англамаганидек таассурот уйғотди. Спикернинг айтишича, бу каби жамоат ишларида ўқитувчилар, шифокорлар ва бошқа фуқаролар иштирок этмаса, четдан бирор киши келиб тозалаб бериши керакми? Бу жавоб яна бир ҳақли эътирозни келтириб чиқарди: демак, сўнгги вақтларда танқидлар остида қолаётган, калтак бошида синаётган бечора ўқитувчи-ю, шифокорлар давлат раҳбарияти томонидан улар олдига қўйилаётган масъулиятли вазифани бажариш, ўтган хатоларини тузатишлари учун ободонлаштириш ишларида ўзларини кўрсатишлари шартми? 

Фото: Халқаро пресс-клуб 

Ваҳоланки, ушбу сессиянинг биринчи қисмида, айнан таълим соҳасида оқсоқликлар, ўқитувчиларнинг савияси пастлиги ҳақида кескин фикрлар билдирилди. Шундай экан, юқоридаги икки шарафли касб эгаларининг кунда-кунора супур-сидир ишларига жалб этилиши, уларнинг ҳокимлар чўрисига айланиб қолганини инкор этиш ёки бўлса бордир, байрам кунлари арафасида, 2-3 ойда бир расмий ҳашарларда қатнашаётгандир, дейиш билан биз кимни алдаймиз?!. 

Ахир, бугунги ахборот технологиялари асрида, ўқитувчилар ва шифокорларнинг мажбурий меҳнатга (ўз вазифаларидан ташқари ишларга) жалб этилишини исботловчи далиллар билан расмий мурожаат қилинг, бизга тақдим этинг, каби иддаолар аслида ҳурматли сенаторларнинг жойларга чиқаётгани, халқ дардини эшитаётгани ҳақидаги даъволарини инкор этиб қолмайдими?! Ёхуд, бу гаплардан кейин, улар жойларда ҳам хўжакўрсинга, қоғозбозлик, расмий статистика учун ишлаётган экан, деган хулосага келиш мумкин. Жойларга чиқаётган ҳурматли спикерлар, бораётган тумани ёки вилояти ҳокимларини огоҳлантирмасдан, ТВ ва бошқа ОАВ ходимларини ортларидан эргаштирмасдан ҳам ўз вазифаларини бажаришлари мумкин-ку! Уларнинг фаолиятини телевидение ёки вақтли нашрларда кўрсатишмаса, ёритишмаса ҳам ижтимоий тармоқлар орқали халқ хабар топади. Балки, айнан ижтимоий тармоқлардаги далиллар, фото ва видеолавҳалар, журналистлар мақолаларининг Сенат суриштирувига асос бўлишига доир қонунчилик меъёрини қабул қилиш вақти етгандир?!

Хўш, ўқитувчи ва шифокорлар, тиббиёт ходимлари кўча супурмаса, ободонлаштириш ишларида қатнашмаса, ҳашарларда нима қилишсин, деган ҳақли савол ҳам пайдо бўлади. Менимча, (кўпчилик ҳам шундай фикрда, аслида) расмий ҳашарлардан ташқари вақтларда улар бу каби ишларга жалб қилиниши ўрнига ўз устида ишлашлари учун муносиб шароит яратиб беришимиз керак. Шундагина биз ҳам улардан бемалол, андиша қилмай, ўз вазифаларини сидқидилдан бажаришни талаб қила оламиз.

Фото: Халқаро пресс-клуб 

Ҳокимларнинг улар меҳнатидан фойдаланган ҳолда ўзларининг уддалай олмаётган вазифаларини яширишга уринишларига қонунчилик билан чек қўйиш мақсадида айнан қонунчилик ижодкорлари, ҳурматли депутатлар ва сенаторларимиз ҳам ишлашлари лозим. 

Улар ким тозалайди, хориждан биров келиб тозалаб берадими, дейиш ўрнига, халқ вакиллари деган шарафни зиммаларида кўтариб юришган экан, шунга муносиб равишда халқни тарбия қилаётган, уларнинг соғлигини имкони даражасида сақлашга ҳаракат қилаётган фуқароларнинг манфаатларини ҳам ҳимоя қилишлари, уларни қийнаётган муаммоларни халқ муҳокамасига олиб чиқишда ташаббус кўрсатишлари  керак эмасми?

Тўғри, шу пайтга қадар унчалик ҳам фаол бўлмаган сиёсатчи, халқ вакилларидан бирданига кескин ўзгаришларни кутиш ҳам нотўғри бўлади. Аммо, мавжуд камчиликни рўй-рост тан олиб, уни ҳал этиш чорасини кўриш ўрнига, уни хаспўшлаш билан жамоатчилик фикрига қарши боришдан не наф! Чунки, камчилик ва муаммони, далил бириктирилган ёзма мурожаат йўқ дейиш билан рад этиш, ўша муаммони бартараф этмайди, аксинча, у ҳал этилиши учун яна келаси авлодни кутади!

Толиб Раҳматов, Кун.uz мухбири

Top