2017 йил Ўзбекистон ҳаётида том маънода бурилиш, ижобий ўзгаришлар йили сифатида тарихга кирса ажаб эмас. Давлат раҳбарияти томонидан бошланган ва кенг кўламда олиб борилаётган ислоҳотлар қамрови ақлни шоширади. “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари” йилида Давлат раҳбарининг шахсий намунаси билан том маънода халқ билан мулоқот йўлга қўйилди. Барча вазирлик ва идоралар, давлат органлари, раҳбарлар бундан аввало ўзлари манфаатдор эканликларини тобора ҳис қилишмоқда.

Халқаро Пресс-клуб эса бу борада ҳақиқий сенсация майдонларидан бирига айланди десак, муболаға бўлмайди. ХПК, ташкил этилганига кўп бўлганига қарамай,  давлат органлари ва ОАВ, халқ ўртасида бевосита мулоқот марказига айланиб улгурди. 

Фото: Халқаро пресс-клуб 

Аммо, масаланинг яна бир жиҳати борки, Пресс-клуб ошкоралик, шаффофлик руҳиятини қанчалик илгари суришга уринмасин, ўтказилаётган сессияларда қатнашаётган айрим ҳурматли спикерларнинг (улар хоҳ сенатор ёки вазир, бирор идора раҳбари бўлсин) ҳамон ҳадиксираши, саволларга аниқ ва лўнда эмас, қолипга солинган ва қаноатлантирмайдиган мужмал жавоблар бериши ёки бизда бу каби маълумот мавжуд эмас, дея масъулиятни ўзидан соқит қилишга уринишлари ҳамон учрамоқда. 

Хусусан, ХПКнинг куни кеча, 7 июлда бўлиб ўтган сессиясида Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзолари, қўмиталар раҳбарлари, турли вазирлик ва идоралар расмийлари, ОАВ иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. “Ўзбекистон” телерадиоканали ва MY5 телеканали орқали жонли эфирда намойиш қилинган сессиянинг 2 соатдан ортиқроқ вақти, асосан, умумий гаплар билан ўтиб кетди. Спикерларнинг регламентга риоя қилмаслиги сабабли савол-жавоб қисми қисқароқ бўлди, кўплаб муҳим саволлар берилмай қолиб кетди. Айрим саволларга берилган жавоблар, умуман, томошабинни қониқтирмагани аниқ. 

Масалан, сессияда ўқитувчи ва шифокорларнинг жойлардаги ҳокимиятлар томонидан кўча-кўйларни тозалаш, супур-сидир, ободонлаштириш ва ҳашарларга кенг жалб этилаётгани хусусида савол янгради. Бунга жавобан, спикерлардан бири томонидан билдирилган фикр, вазиятни билмаслиги ёки саволни тўғри англамаганидек таассурот уйғотди. Спикернинг айтишича, бу каби жамоат ишларида ўқитувчилар, шифокорлар ва бошқа фуқаролар иштирок этмаса, четдан бирор киши келиб тозалаб бериши керакми? Бу жавоб яна бир ҳақли эътирозни келтириб чиқарди: демак, сўнгги вақтларда танқидлар остида қолаётган, калтак бошида синаётган бечора ўқитувчи-ю, шифокорлар давлат раҳбарияти томонидан улар олдига қўйилаётган масъулиятли вазифани бажариш, ўтган хатоларини тузатишлари учун ободонлаштириш ишларида ўзларини кўрсатишлари шартми?