20:04 / 08.07.2017
13166

Шавкат Мирзиёев Наманганда фармацевтика корхонасида бўлди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифининг иккинчи куни Наманган туманидаги “Merrymed Farm”масъулияти чекланган жамиятида бўлди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилмоқда.

 “Merrymed Farm” МЧЖ хитойлик ҳамкорлар иштирокида ташкил этилган. Корхона фаолияти фармацевтик маҳсулотлар ишлаб чиқариш, сақлаш, транспорт-логистика, маркетинг жараёнларини тўлалигича ўзида қамраб олган. Иш жараёнига юқори технологик ускуналар ва электрон ахборот назорат қилиш тизимлари жорий этилган. 

“Merrymed Farm” МЧЖ импорт ўрнини босувчи 10 фармакологик гуруҳдаги 100дан ортиқ турдаги дори воситаларини ишлаб чиқармоқда. 

Корхона ўсимлик ва синтетик хомашёдан дори воситалари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Таблеткалар, капсулалар, мазлар, гален маҳсулотлари, суспензиялар, инфузиялар, инъекциялар, қуруқ кукун кўринишидаги антибиотиклар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Корхона замонавий фармацевтик ускуналар билан жиҳозланган. Корхонада 300га яқин ишчи меҳнат қилади. 

Шавкат Мирзиёев корхона фаолияти билан танишди. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, ишчиларга яратилган шароитлар билан қизиқди. Корхонада амалга ошириладиган янги лойиҳалар ҳақида маълумот берилди. 

Соҳани янада ривожлантириш учун дунё тажрибасини ўзлаштириш керак, деди Президент. Бу борада импорт ўрнини босувчи, сифатли дорилар ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратиш лозим. 

Фармацевтика йўналишида янги корхоналар қуришда аҳоли талабини ўрганиш, мамлакатимиз ҳудудларида турли дори воситаларини ишлаб чиқаришни кенг йўлга қўйиш кераклиги таъкидланди. 

Бу бозорда бир турдаги дори воситалари эмас, турли фармакологик гуруҳдаги дорилар кўпайиши ва импорт ўрнини эгаллашига имконият яратади, деди давлат раҳбари.

Top