17:40 / 12.07.2017
10332

Қорақалпоғистонда ноқонуний равишда қурол сақлаган фуқаролар аниқланди

Фото: Давлат божхона қўмитаси

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари айрим фуқаролар томонидан ўқ-отар қуролларнинг ноқонуний сақланишига доир қонунбузарлик ҳолатларини фош қилишди, деб хабар бермоқда Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ахборот хизмати.

Хусусан, фуқаро Ж.Тажимуратовнинг (барча исм-шарифлар ўзгартирилган) яшаш хонадони амалдаги тартибларга биноан ва холислар иштирокида кўздан кечирилганда, хонадонининг хўжалик томорқасига эски кийгизга ўралган ҳолда 1 дона бир стволли ов милтиғи, 2 дона патрон ва 38 дона гильзалар кўмиб қўйилганлиги фош қилинди.

Шу тарзда қонунбузар ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган ушбу қурол-яроғларни ноконуний равишда сақлаб келган.

Шунингдек, Қўнғирот туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида яна бир фуқаро О.Азаматовнинг ҳам яшаш хонадони амалдаги тартиблар асосида ва холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада, бу ерда ҳам 1 дона бир стволли ов милтиғи ва 3 дона гильзалар яширин равишда сақланаётганлиги аниқланди.

Кегейли туманида истиқомат қилувчи фуқаро А.Мамбетов эса хонадонини кўздан кечириш пайтида “топилган” 1 дона икки стволли ов милтиғига тегишли биронта ҳам ҳужжатни божхоначиларга тақдим қила олмади.

Мазкур ҳолатлар юзасидан жиноий ишлар қўзғатилди ҳамда суд томонидан тегишли жазо чоралари кўрилди.

Top