Жамият | 21:30 / 25.07.2017
13287
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда кейинги йилларда илк марта ажрашишлар сони камайиши кузатилди

2017 йилнинг биринчи ярмида ўтган йилнинг 6 ойи билан таққослаганда Ўзбекистонда ажрашишлар сони 912тага камайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Гулнора Маъруфова ЎзАга берган интервьюсида айтиб ўтган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 7 октябрдаги «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ маҳаллаларда тузилган Яраштириш комиссияларининг бош вазифаси оилавий ажралишларнинг олдини олишдан иборат. 

«Бироқ Яраштириш комиссиялари ўз вазифаларини етарли даражада бажармаётгани сўнгги пайтда кўп танқид қилинмоқда. Ҳақиқатан ҳам уларнинг иши ёнғиндан кейин етиб келган ўт ўчирувчиларни эслатади. Эр-хотин ажрашиб бўлганидан кейин ҳисобот учун ажрим сабабларини қайд қилишнинг кимга кераги бор?

Шу боис фуқаролар йиғинларидаги Яраштириш комиссиялари фаолияти ҳам тубдан қайта кўриб чиқилмоқда. Улар таркибига маҳалладаги фидойи, обрўли, бошқаларга таъсир кўрсата оладиган кекса-нуронийлар жалб этилмоқда», деган Маъруфова.

Ҳудудларда ўтказилаётган мулоқотлар давомида шу нарсага амин бўлдикки, агар маҳаллалар қошида ташкил этилган Яраштириш комиссиялари фаолиятини жонлантириб, уларга маҳалладаги энг намунали оила вакиллари ва фаол аёллар жалб этилса, арзимаган сабаблар билан бошланган келишмовчилик қайнона-келинларга тўғри тушунтирилса, оилалар бузилишининг олдини олиш мумкин. Масалан, Яраштириш комиссиялари аралашуви билан Қашқадарё вилоятида 300 дан зиёд оила сақлаб қолинган. Бундай рақамларни ҳар бир вилоят мисолида келтириш мумкин. 

Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, ўтган йил давомида Ўзбекистонда 275 мингдан ортиқ никоҳ қайд этилган. Шу билан бирга республикада ажримлар миқдори қарийб 30 мингга етган.

Маълумот учун, 2017 йилнинг олти ойи якунларига кўра, мамлакат бўйича 15 минг 106 оилавий ажрим қайд этилган. Бундай нохуш ҳолатлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 912 тага, хусусан, Тошкент шаҳрида 981 тага камайган.

Тошкент, Фарғона, Жиззах, Наманган вилоятларида ҳам ажримлар анча камайган. Бироқ Андижон, Самарқанд, Хоразм, Сурхондарё вилоятларидаги ҳолат қониқарли эмас.

Мавзуга оид