Қамчиқ довоними ёки Камчиқ, Балиқчи асли Балхчими?
Тарихи мозийнинг тиниқ булоқларидан сув ичган халқимиз бирор жойни номлашдан олдин, ўша ҳудудни ўзига хос жиҳатларидан келиб чиқиб иш кўргани аниқ.
Маълум бир шаҳар ёки қишлоқнинг номланиши, афсона ва ривоятлар шу халқнинг бир неча минг йиллик ўтмишини акс эттириб, кишилик жамиятининг тарихини яратишда асосий манбалардан бири бўлиб хизмат қилади.
Юртимиз бўйлаб саёҳатга чиқсангиз, йўлда учраган шаҳар, туман, қишлоқ, дарё ва сойларнинг номланишига кўзингиз тушиб: “Айнан шундай ном берилишига нима сабаб бўлган экан?”, деб ўйга толишингиз табиий.
Жойларнинг номланиши фанда – топонимика деб аталади. Худди шундай топонимлардан бири - «Митан ёки Муйтан» XIX асрнинг иккинчи ярмидан то шу кунга қадар тилшунослар, адабиётчилар, тарихчи ва географлар ўртасида баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келаётганидан хабаримиз бор.
Фарғоналик ёши улуғ, кўпни кўрган отахон билан суҳбатлашганимда у киши: “Қачондан бери довон номи Қамчиқ бўлиб қолди ҳайронман. Ота-боболаримиз водийдан чиқиб кетувчи тоғли йўлдан ўтиш машаққат ва хавфли эканлиги учун камроқ чиқишни маслаҳат бериб – “Камчиқ” дея атаган”, деган эди. Бу маълумот қай даражада тўғри эканлиги эса мен учун қоронғи. Балки оддий халқ айтишга қийин бўлган номни ўзлаштириб ва ўзгартириб соддароқ кўринишга келтиргандир.
Андижонлик ёш тарихчи олим Искандар Мадғозиев билан Фарғона водийсидаги жой номлари билан боғлиқ китобларни ўрганиб, жуда кўп қизиқарли маълумотларга эга бўлдик. Биз учун топилма бўлган мозий сирлари сизни ҳам қизиқтирса керак деган умид ила билганларимизни ўртоқлашмоқчимиз.
КАМЧИҚ (Кендир довони) – Фарғона водийсини Тошкент билан боғлайдиган қадимий довон йўли. Чотқол тоғини кесиб ўтади. “Бобурнома”да “Кендирлик” деб тилга олинган. Кейинги йилларда бу йўл тоғдан оқиб тушувчи кичиккина “Қамчиқсой” номи билан “Қамчиқдовон” деб аталиб кетди. Бундай дейиш нотўғридир. “Кендир” номининг маъноси бизга ҳозирча номаълум. Балки, ўша ўтиш хавфлилиги учун “Камчиқ” дея номланиши (муаллиф изоҳи) ҳақидаги фараз тўғри бўлса керак.
КОСОН - Қадимий “Кушон” номининг (эрамиздан аввалги III ва эрамизнинг IV асрлари) ўзгарган кўриниши. Қадимги Кушон империясининг “кушан” уруғи (этноним) номидандир. Наманган вилоятидаги туман ва дарё номлари “Косонсой”дир. Қашқадарёдаги Косон тумани номи ҳам ўшандандир.
АСАКА – Андижоннинг йирик шаҳарларидан бири. Асака номи ҳақида кўплаб тахмин-мулоҳазалар билдирилди. Масалан, бир тахминга кўра, Асака “ас” – от, “ассака” – отлиқлар маъносини беради (археолог Б. Матбобоев). Филология фанлари доктори Толиб Эназаров ҳам Асака топоними этимологиясини от сўзига боғлайди. Файласуф А. Бегматов, физик А. Тешабоев ҳам бу номни изоҳлаб, мақола ёздилар, улар ҳам ўз тахминларини айтдилар. Академик Яҳё Ғуломов масалага илмий ёндошишни маслаҳат бериб, Турон пасттекислигидаги “Асака овдон” деган жойга ишора берган. “Асака” – чопар маъносини бериши тўғри бўлса керак.
БАЛИҚЧИ - Айнан шу ҳудудда яшаган киши менга поездда ҳамроҳ бўлиб, “Балиқчи” (Андижон вилоятидаги туман) номида умуман балиққа нисбатан ишора йўқлигини, балки “балх” – шаҳар, “балхчи”- шаҳарсоз уста номига уйқаш эканлигини айтганди (муаллиф изоҳи).
Олимларимиз фикрича ҳам “Балиқчи” – шаҳар, қалъа қўриқчиси маъносида келади. Яна бир маъноси ўзбек уруғларидан бирининг номидир (Х. Дониёров, “Ўзбек халқининг шажара ва шевалари” 1968 йил). Бошқа туркий халқлардан туркманларнинг Эрсари қабиласида “балықчы”, бошқирдларда “балыксы” уруғи учрайди. Аммо ҳозир маълум бўлган 92 ўзбек уруғи номида “балиқчи” уруғи йўқ.
УЛУҒНОР – Андижон вилоятига қарашли туман номи, аслида Қўқон хони томонидан қазилган – Улуғнаҳр (улуғ дарё) канали номидир.
Худоёрхон XIX асрнинг 70-йилларида ўз давлатининг иқтисодий ва сиёсий ҳаётида нисбатан хотиржамликка эришгач, янги ерлар ўзлаштириш ниятида суғориш иншоотлари қуришга киришган. Шу муносабат билан Қорадарёдан бошланиб, Марказий Фарғона ерларини оралаб ўтадиган “Улуғнаҳр” (улуғ дарё) деб аталмиш канал режалаштириб, 1868 йилдан иш бошлаган. Бироқ канал нишабининг тарҳи олинганда (нивелировка қилишда) чўл ерларининг шўрхок ва қумли хусусияти ҳисобга олинмасдан каналга сув қуйилганида ҳозирги Бўз туманидан оқадиган Сарижўгадан ўтмасданоқ катта оқим билан канал йўли “замбилланиб” атрофга уриб кетаверади. 1871 йил иш вақтинча тўхтатилиб, янгидан тарх олиш мўлжалланган.
ОЛТИНКЎЛ – шу номли туман маркази. Шу кунгача Олтинкўл деб таърифлаб келинади. Аммо ушбу жойнинг шароити шундай эдики, қадимда Андижоннинг асосий ўзлаштирилмаган ерлари ғарб томони эди, асосан, ташлама сувлар, чакалакзорлардан иборат бўлиб, янада ғарбга келганда эса табиий кўллар кўп бўлган эди. Шайбонийхон давридан (XVI аср) кўчманчи ўзбеклар келиб ўрнашиб, Андижоннинг ғарб томонлари секин-аста ўзлаштирилди, кўп қишлоқлар қатори “Олти кўл” қишлоғи пайдо бўлди.
Замонлар ўтиши билан ернинг унумдорлигига ишора қилиб ёки тилнинг фонетик табиатига кўра талаффузда “Олтинкўл” бўлиб кетди.
Юртимизда юқорида келтирилгани сингари жой номлари тўғрисида жуда кўп қизиқарли маълумотларни беришимиз мумкин эди. Бироқ интернет ўқувчилари узундан узоқ мақолаларга катта эътибор бермаслигини ҳисобга олган ҳолда материални қисқа қилдик. Барча маълумотлар (муаллиф изоҳидан ташқари) манбалари профессорлар С. Жалилов, С. Қораев ва А. Солиев китобларидан олинган.
Элмурод Эрматов
Kun.uz сайти учун махсус.
Мавзуга оид
22:45 / 19.11.2024
Маданий мерос агентлиги Андижондаги Бобур ҳайкалини кўчириш бўйича тарқалган хабарларга муносабат билдирди
10:40 / 19.11.2024
Андижонда Бобур ҳайкалини кўчириб, ўрнига савдо мажмуаси, кўнгилочар марказлар қуриш режалаштирилмоқда
21:10 / 18.11.2024
Андижонда 1800 гектар ернинг тоифаси ўзгартирилиб, ишлаб чиқариш мажмуалари қурилади
11:09 / 08.11.2024