Ўзбекистон | 08:24 / 27.07.2017
17295
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари Туркияда тайёргарликдан ўтади

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

2017 йилнинг 26 июль куни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигида Туркия Республикаси Мудофаа вазири Нуреттин Жаникли бошчилигидаги делегациясининг Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири Қобул Бердиев билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Кун.uz’га Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
 
Сўнгги йилларда ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳалардаги давлатлараро муносабатларда ижобий тенденциялар кўзга ташланмоқда. Туркия Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий ўқув муассасалари ва марказларида ўтказиладиган 12 та тайёргарлик курсларида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларини 2018 йилда ўқитишни ташкил қилиш бўйича келишувларга эришилди.  

Ҳар икки мамлакатнинг ўзаро ҳамкорлик масалалари бутун Марказий Осиё минтақасининг хавфсизлиги ва барқарор ривожланишини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади. 

2017 йил июнида «NUROL» компаниясининг «EJDER 4х4» типидаги енгил зирҳли автомобилларининг Ўзбекистон шароитидаги синовлари муваффақиятли ўтди. Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги эҳтиёжлари учун мазкур ўнлаб ҳарбий техникаларни харид қилиш, шунингдек уларни Туркия томони инвестицияларини жалб қилган ҳолда Ўзбекистон ҳудудида ҳамкорликда ишлаб чиқариш ёки қўшма корхона ташкил қилиш масалалари ҳам кўриб чиқилмоқда. 

Ўзбекистон ва Туркия мудофаа вазирликлари ҳарбий-таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари таркибининг ўзаро тажриба ва билим алмашишларини амалга ошириш мақсадида томонлар ҳарбий таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро баёноти лойиҳасини ишлаб чиқмоқда. Ҳарбий-техник соҳадаги икки томонлама ўзаро муносабатларга тўхталганда, аввало, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари эҳтиёжлари учун қурол-яроғ ва ҳарбий-техник мулк харид қилиш мақсадида грант воситаларини тақдим этиш амалиётининг қайта тикланаётганини таъкидлаш жоиз.  

Учрашув давомида томонлар ҳар икки давлатнинг мудофаа идоралари ўртасида дўстона, узоқ муддатли ва очиқ муносабатлар мавжудлигини таъкидлаб ўтдилар ҳамда минтақада тинчлик ва барқарорликни сақлаш, икки мамлакат халқларининг манфаатларини кўзловчи ўзаро ҳамкорлик ва ишончни янада мустаҳкамлаш йўлидаги фаол амалий мулоқот бундан буён ҳам ривожланишига ишонч билдирдилар. 

Мавзуга оид