Жаҳон | 21:35 / 28.07.2017
18720
2 дақиқада ўқилади

Шимолий Корея навбатдаги ракетасини учирди

Шимолий Корея навбатдаги ракетасини учирди. Бу ҳақда Япониянинг NHK телеканали хабар бермоқда.

Айни пайтда расмий Токио Япония бош вазири қароргоҳида жойлашган махсус марказда ракеталарнинг учирилиши бўйича маълумотлар йиғмоқда ва таҳлил этмоқда.

Япония мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, ракета 45 дақиқа учган ва Япон денгизидаги Япония иқтисодий зонасида қулаган бўлиши мумкин. Япония ҳукумати амалдорининг сўзларига кўра, ракета маҳаллий вақт билан ярим тунда (Тошкент вақти билан 20:00да) учирилган. Талофатлар ҳақида ҳеч қандай маълумотлар йўқ.

NHK маълумотига кўра, Шимолий Корея сўнгги йилда 20 та баллистик ракета учиришга муваффақ бўлган.

"Рёнхап" агентлигининг маълум қилишича, Жанубий Корея қуролли кучлари штабида ушбу ракета синови бўлиб ўтгани тасдиқланган. "Шимолий Корея томони Чагандо провинциясидан Япон денгизига қарата, катта эҳтимол билан баллистик ракета учирди", дейилади штаб берган маълумотда. 

Мавзуга оид