Ўзбекистон | 10:43 / 28.07.2017
5449
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон-Россия Мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди

2017 йилнинг 26 июль куни Тошкент шаҳрида Мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ички ишлар вазирликларининг Мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳига аъзо тизимларининг раҳбарлари қатнашди.

Ўзбекистон томонидан раислик қилувчи ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари генерал-майор Даврон Назармухамедов йиғилишни кириш сўзи билан очди. У қатнашчиларни 2017-2022 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар асосида, республика ички ишлар органларида ўтказилаётган ислоҳотлар билан таништирди. 

Россия Федерацияси томонидан делегацияни ички ишлар вазирлиги экстремизмга қарши курашиш Бош бошқармаси бошлиғи полиция генерал-майори Тимур Валиулин бошқарди.

Йиғилишда томонлар қидирув ишларида, уюшган жиноятчилик, экстремизм, наркотик моддаларини ноқонуний айланиши ва ноқонуний миграция бўйича ахборот алмашувида ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар.
Томонлар Мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи биринчи йиғилишидаги келишувларнинг натижаларига бағишланган иккинчи йиғилишни 2018 йилнинг ўрталарида Москва шаҳрида ўтказишга келишиб олдилар.

Мавзуга оид