19:09 / 04.08.2017
12366

Яқин кунларда юристлар ассоциацияси яна ўз фаолиятини бошлайди

Жамиятда ҳуқуқий ислоҳотларни амалга ошириш, фуқароларнинг эркинлигини ҳимоя қилиш ҳақида йиллар давомида гапириб келинмоқда. Бу борада катта натижаларга эришилганини эътироф этиш лозим.

Лекин соҳада кетма-кет фармон ва қарорларнинг қабул қилинаётгани ҳали жараён давом этаётганини англатади. “Ўзбекистон” телеканалидаги “Мулоқот вақти” кўрсатувида мана шу жараёнлар керакли натижаларга олиб келиши учун қандай чора-тадбирлар амалга оширилаётгани хусусида сўз юритилди.

Кўрсатувда, “Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорнинг асосий, муҳим жиҳатига тўхталиб, унда юридик хизмат ходимларининг ижтимоий ҳимояси, моддий манфаатдорлиги оширилиб, уларнинг қонунийликни таъминлаш борасидаги вазифалари доираси кенгайтирилгани хусусида сўз юритилди.

Адлия вазирлиги томонидан ушбу соҳага ёш кадрлар, юристларни жалб қилиш мақсадида Юридик университетда бир неча бор ўқув-семинарлари ташкил қилиниб, уларда битирувчи талабаларга юридик хизмат ҳақидаги қонунчилик янгиликлари таништирилган, уларга яратилган имкониятлар ҳақида кенг қамровли тушунчалар берилган. Бунинг натижасида университет битирувчи талабалари орасидан 50 нафарга яқин битирувчи ҳозирда айнан давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизматида ишлаш ниятларини билдиришди”, — дейди Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Равшан Шаропов.

Бундан ташқари, кўрсатув жараёнида маълум қилинишича, яқин кунларда юристлар ассоциацияси яна ўз фаолиятини бошлайди. Ҳозирда бу борада зарур ишлар амалга оширилмоқда.

Ассоциациянинг янги низоми ишлаб чиқилмоқда, уни қайта тасдиқлаш учун ассоциация юқори органи — сеъздини чақириш борасида тайёргалик кўрилмоқда.

Лойиҳага кўра, ташкилот уставини тан олувчи, унинг талабларини бажарадиган, кириш бадалини тўлаган ва аъзолик бадалларини мунтазам тўлаб борадиган, қоида тариқасида юридик маълумотга эга бўлган 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ташкилот аъзоси бўлиши мумкин.

Худди шундай лойиҳада чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг шартларда ва тартибда Ташкилотнинг аъзоси бўлиши мумкинлиги назарда тутилмоқда.

Top