Жаҳон | 17:45 / 04.08.2017
8840
2 дақиқада ўқилади

“ДХР”: НАТО ва АҚШ Киевга норасмий тарзда қурол етказиб бермоқда

Фото: РИА "Новости"

“Донецк халқ республикаси” тезкор қўмондонлиги қўмондони ўринбосари Эдуард Басуриннинг маълум қилишича, НАТО ва АҚШ анчадан бери украиналик куч тузилмалар ходимларига ноқонуний равишда қурол-яроғ етказиб бермоқда. Бу ҳақда РИА «Новости» хабар қилди.

«АҚШ ва НАТО қурол-яроғ ҳамда ўқ-дориларни Украина қуролли кучларига ноқонуний равишда етказиб беришни анчадан бери амалга оширмоқда», - дея таъкидлаб ўтди у.

Басуриннинг иддао этишича, Киев Болгарияда ишлаб чиқарилган РПГ-7 парчаланувчи гранаталарни олган ҳамда улар 31 июлга ўтар кечаси Авдеевка туманида қўлланилган.

«Болгария НАТО давлати ҳисобланади, ҳамда Украина қуролли кучлари бўлинмаларида шундай қурол-яроғларнинг борлиги ўқ-дорилар ноқонуний етказиб берилишининг яна бир исботи», - дея қўшимча қилган у.

Аввалроқ The Wall Street Journal нашри америкалик амалдорлар орасидаги манбаларга асосан Пентагон ва Давлат департаменти Украинага танкларга қарши ракеталар ҳамда бошқа қурол-яроғни етказиб бериш бўйича режа ишлаб чиққанини хабар берганди. Таъкидланишича, идоралар Оқ уйдан тасдиқловни кутмоқда.

Олдинроқ Трамп Россиянинг Украина бўйича ҳаракатлари ўзгаришига умид қилаётгани маълум қилинганди.

Мавзуга оид