Жамият | 13:53 / 07.08.2017
70953
2 дақиқада ўқилади

Инсоният олдида турган энг катта хавф маълум қилинди

Ёлғизлик ва ижтимоий изоляция инсониятга семизликдан-да катта хавф солмоқда. Бригам Янг Университети (АҚШ) психологларининг фикрича, ушбу омилларнинг аҳолига таъсири тобора ошиб бормоқда ва умумбашарий муаммога айланмоқда. Бу ҳақида олимлар Америка психологлар ассоциациясининг 125-конвенциясида маълум қилишди. EurekAlert! сайтида шу ҳақида хабар берилди. 

Экспертларнинг таъкидлашича, бошқа инсонлар билан ўзаро муносабат ўрнатиш инсоннинг фундаментал эҳтиёжидир. AARP нотижорат ташкилоти томонидан ўтказилган Loneliness Study тадқиқоти маълумотларига кўра, 45 ёшдан ошган катта ёшли америкаликларнинг 42,6 миллиони сурункали ёлғизликдан азият чекади. 2014 йилги рўйхатдан ўтказиш натижаларига биноан, аҳолининг чорак қисмидан кўпроғи ёлғизликда яшайди, фуқароларнинг ярмидан кўпи эса оила қурмаган. 

Олимлар икки мета-таҳлил ўтказиб, уларнинг ҳар бирида ўнлаб тадқиқотлар натижаларини бирлаштиришган. Биринчиси 148 илмий ишни ўз ичига олган, уларда умумий ҳисобда 300 минг кўнгилли иштирок этган. Маълум бўлишича, мустаҳкам ижтимоий алоқалар эрта ўлим хавфининг 50 фоизга камайишига олиб келар экан. Иккинчи мета-таҳлилда 70 тадқиқот маълумотлари ўрганилган, уларда Шимолий Америка, Европа, Осиё ва Австралиядан 3,4 миллион киши қатнашган. Олимларнинг хулосасига кўра, ижтимоий изоляция ёки ёлғизлик бошқа омиллар, жумладан семизликдан-да кўпроқ эрта ўлим хавфини келтириб чиқарар экан. 

Мутахассисларга кўра, соғлиқни сақлаш тизими ижтимоий алоқаларнинг аҳоли саломатлигига таъсирини инобатга олиши керак. Шунингдек нафақахўрлар бир-бирлари билан мулоқот қилиши мумкин бўлган кўнгилочар масканлар - дам олиш базалари ва парклар қуриш зарурлиги таъкидланган. 

Мавзуга оид