15:02 / 09.08.2017
10127

“Дамас”, “Спарк” ва “Нексия” ўғрилари ушланди

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ ўтган ҳафтада республика ҳудудида фош этилган транспорт воситалари билан боғлиқ жиноятлар ҳақида маълумот берди.

Хусусан, 2017 йил 1 август куни соат 16:00 ларда, номаълум шахс томонидан Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳар, Ибн Сино кўчасида қаровсиз қолдирилган, Термиз шаҳрида яшовчи, 1980 йилда туғилган Р.С.га тегишли «ДАМАС» русумли автомобили олиб қочилган. Кўрилган чоралар натижасида ушбу жиноятни Термиз туманида яшовчи, муқаддам судланган, ишсиз, 1992 йилда туғилган М.М. содир этганлиги аниқланиб, шу куни ушланган. Автомобиль техник соз ҳолда эгасига қайтарилган.

2017 йил 1 август куни соат 14:00 ларда, номаълум шахс томонидан Фарғона вилояти, Риштон тумани, Учариқ қишлоғида жойлашган «Аслиддин» ошхонаси олдида қаровсиз қолдирилган, Риштон туманида яшовчи, 1978 йилда туғилган М.Ш. ишонч қоғози билан бошқариб юрган, бир манзилда яшовчи отаси, 1951 йилда туғилган М.М.га тегишли «СПАРК» русумли автомобили олиб қочилган. Олиб борилган қидирув ва суриштирув ишлари натижасида автомобиль Рашидоний кўчасида жойлашган туман марказий касалхонасининг автомобиллар тураргоҳидан техник соз ҳолда топилган. Автомобиль эгаси М.Ш. билан олиб борилган суриштирув ишлари натижасида у автомобилни маст ҳолда ушбу автомобиллар тураргоҳига ҳайдаб келиб, ташлаб кетганлиги аниқланган.

2017 йил 3 август куни 16:40 ларда тушган хабарга кўра, номаълум шахс томонидан Сурхондарё вилояти, Денов шаҳар ҳокимияти қаршисида қаровсиз қолдирилган, Шўрчи туманида яшовчи, 1973 йилда туғилган М.Ф. бошқарувида бўлган турмуш ўртоғи, 1977 йилда туғилган Р.П.га тегишли «НЕКСИЯ» русумли автомобили олиб қочилган. Мазкур ҳолат бўйича олиб борилган қидирув ва суриштирув ишлари натижасида ушбу автомобиль Шўрчи тумани, Жарқишлоқ махалласи ҳудудида, жиноятчи Жарқишлоқ махалласида яшовчи, 2003 йилда туғилган Ж.М. бошқариб, савдо дўкони олдида тўхтаб турган вақтида ушланган.

2017 йил 3 август куни соат 22:00 ларда, Тошкент шаҳар, Шайхонтохур тумани, ТҲАЙ кўчасида, номаълум ҳайдовчи, номаълум транспорт воситаси билан пиёда Учтепа туманида яшовчи, 1969 йилда туғилган С.Р.ни уриб юбориб йўл-транспорт ҳодисаси жойидан яширинган. Натижада пиёда С.Р. тан жароҳати олиб касалхонага ётқизилган. Кўрилган чоралар натижасида ушбу йўл-транспорт ҳодисасини ҳайдовчи, Тошкент вилояти, Зангиота туманида яшовчи, 1986 йилда туғилган И.А. ишонч қоғозисиз бошқараётган Зангиота туманида яшовчи, 1988 йилда туғилган Э.Х.га тегишли «ЛАСЕТТИ» русумли автомобилида содир этганлиги аниқланиб, жорий йилнинг 4 август куни ушланган.

2017 йил 5 август куни соат 22:30 ларда, Самарқанд вилояти, Булунғур тумани ҳудудида номаълум ҳайдовчи, номаълум транспорт воситаси билан пиёда Каттақўрғон туманида яшаган, 1991 йилда туғилган П.Ж.ни уриб юбориб йўл-транспорт ҳодисаси жойидан яширинган. Натижада пиёда П.Ж. тан жароҳати олиб воқеа жойида ҳалок бўлган. Олиб борилган қидирув ва суриштирув ишлари натижасида ушбу йўл-транспорт ҳодисасини ҳайдовчи, Жиззах вилояти, Ш.Рашидов туманида яшовчи, 1991 йилда туғилган А.Д. «НЕКСИЯ» русумли автомобилида содир этганлиги аниқланиб, жорий йилнинг 6 август куни ушланган.

Top