Жаҳон | 08:03 / 16.08.2017
7940
2 дақиқада ўқилади

АҚШда қулликни кучда қолдирган судья ҳайкалини бузиб ташлашмоқчи  

Фото: AP

АҚШнинг Мэриленд штати губернатори Ларри Хоган 1857 йилда қора танлилар қуллигини кучда қолдирган ва уларга фуқаролик олиш имконини рад этган бош судья Рожер Тейнига қўйилган ҳайкални бузиб ташлаш таклифини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда The Baltimore Sun нашри хабар бермоқда. Таъкидланишича, бундай таклифни АҚШ конгресси қуйи палатаси спикери Майкл Буш билдирган.

“Ўтмишимизни тан олиш билан тарихимиздаги энг қора доғларни улуғлаш ўртасидаги фарқни аниқлаш вақти келди. Буни ҳисобга олиб, мен Капитолий ҳудудидан Тейни ҳайкалини олиб ташлаш тўғри бўлишига шубҳам йўқ”, деб айтган губернатор.

Нашрнинг таъкидлашича, АҚШ олий судининг 5-раиси бўлган Тейни Мэрилендда туғилган. У қора танлилар АҚШда қул деб тан олинган ва фуқароликка эга бўла олмасликлари ҳақидаги қарорни чиқаргани билан маълум.

Ўтган дам олиш кунлари Шарлотсвиллда Фуқаролик уруши вақтида жанубликлар (қулликнинг бекор қилинишига қарши чиққанлар) армиясига қўмондонлик қилган генерал Роберт Ли ҳайкалини олиб ташлаш қарори негизида бу қарорга қарши чиққан миллатчилар ва уларга қарши чиқувчилар ўртасида аёвсиз тўқнашувлар юз берди. 

Шимолий Каролина штатининг Дарем шаҳрида эса намойиш иштирокчилари конфедерация (қулликни қўллаб-қувватлаганлар) қўшинларига қўйилган ҳайкални ағдариб ташлашган.

Мавзуга оид