21:10 / 17.08.2017
14824

Солиқларнинг ортиқча тўланган қисмини 15 кунда қайтариш имконияти яратилмоқда

Маълумки бугунги кунда Республикамизда олиб борилаётган ислоҳотлар қаторида Давлат солиқ қўмитаси томонидан ҳам солиқ маъмурчилигини янада яхшилаш, солиқ юкини изчиллик билан камайтириш ва солиқ тўловчиларга қулай шарт-шароитлар яратиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда, деб ёзади ДСҚ ахборот хизмати.

Хусусан, солиқ тўловчиларга қулайлик яратиш ва уларнинг солиқ органлари билан ўзаро муносабатларда шаффофликни таъминлаш мақсадида, бугунги кунда солиқ тўловчиларга ўзларининг шахсий кабенитлари орқали ортиқча тўланган солиқ суммаларини Солиқ кодексининг 56-57-моддаларига мувофиқ қайтариш, ҳисобга олиш ёки келгуси тўловлар учун қолдириш бўйича солиқ органларига электрон ариза юбориш имконияти яратилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 июлдаги «Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–5116-сон Фармонига асосан ортиқча тўланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни қайтариш ёки ҳисобга олиш солиқ тўловчи ваколатли органларга мурожаат этган санадан бошлаб амалдаги 30 кун ўрнига 15 иш куни ичида амалга оширилиши кўрсатиб ўтилди.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 56-58-моддаларига тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2016 йил 30 мартда 2771-сон билан рўйхатга олинган «Бюджет тизими бюджетлари даромадларининг касса ижроси тўғрисида»ги Йўриқномага тегишли ўзгартиришлар киритилиб, агар 10 иш куни мобайнида жорий тушумларнинг этишмаслиги ёки мавжуд бўлмаганлиги сабабли ортиқча ёки нотўғри тўловларни қайтариш ёки ҳисобга олиш имконияти бўлмаса, қайтариш ёки ҳисобга олиши автоматик тарзда Молия вазирлиги томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

Шунингдек ушбу йўриқномада агар, ортиқча ёки нотўғри маблағлар келиб тушган даромад шахсий ғазна ҳисобварағига жорий тушумларни келиб тушиши кутилмаётган бўлса (асосланган ҳолда) ортиқча ёки нотўғри тўловлар истисно тариқасида бир иш куни мобайнида тегишли бюджет маблағлари ҳисобидан қайтарилиши ёки ҳисобга олиниши белгилаб қўйилди.

Мазкур нормалар солиқ тўловчилар учун ортиқча ёки нотўғри тўланган солиқ тўловларини қисқа муддат ичида қайтариб олиш ва уларни мақсадли сарфлаш имкониятини беради.

Агар, ортиқча ёки нотўғри тўланган солиқ тўловларини қайтариш ёки ҳисобга олишда амалий ёрдам зарур бўлса, солиқ тўловчилар исталган вақтда soliq.uz ва my.soliq.uz расмий сайтлари ёки (0371) 244-98-98 рақамли ишонч телефонлари орқали Давлат солиқ қўмитасига мурожаат қилишлари мумкин.

Top