17:35 / 18.08.2017
9659

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Boeing 767 Full-flight симуляторини ишга туширди

2017 йил 18 август куни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияcида Ҳаво флоти куни муносабати билан тадбир ташкил этилди. Шунингдек, МАК ўқув-марказида янги Боинг 767 самолёти Full-flight-симуляторининг ишга туширилиши юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.

Boeing 767 Full-flight симулятори ҳақида: 

FFS Boeing 767 - Canadian Aviation Electronics (CАЕ) компаниясининг энг сўнгги ишланмаси ҳисобланади. Ушбу қурилма замонавий компьютер таъминоти, ҳаракатланиш ва визуал тизимлар билан жиҳозланган. Унда парвоз давомидаги турли ноодатий ҳолатларни ҳам ерда, ҳам ҳавода синаб кўриш мумкин. Юқори сифатли тасвирларни кўрсатиш учун жаҳон саноат стандартлари асосида ишлаб чиқилган визуал тизим учувчиларга ностандарт ва мураккаб вазиятларни машқ қилиш, компьютер тизимига ўрнатилган аэропортларнинг маълумотлар базаси эса, ер шарининг исталган нуқтасига парвоз қилиш имконини беради.

Янги тренажёр олти томонлама эркин ҳаракатланувчи платформага ўрнатилган бўлиб, оғирлиги 13 тоннани ташкил этади. Mазкур симулятор CАЕ компанияси томонидан жорий йилнинг апрелида етказиб берилган. 

Эндиликда Миллий авиакомпания учувчи-йўриқчилари симулятор орқали тест синовидан ўтказилиб, парвозга тайёрланишади. Янги Boeing 767 FFS симуляторининг фойдаланишга топширилиши Ўзбекистонда учувчиларни ушбу русумдаги самолётларга, хорижий ўқув марказларини жалб этмаган ҳолда, ҳозирлаш ва қайта тайёрлаш учун катта имкон яратади. 

Шунингдек, тренажёр мажмуасида замонавий тренажёрлар ҳамда Ил-114-100 ва А320 авиалайнерларининг Full-flight-симуляторлари ҳам ўрнатилган.

Ўқув-машқ марказида авиакомпаниянинг 11 нафар муҳандиси канадалик мутахассислар томонидан ўқитилиб, симуляторга мустақил техник хизмат кўрсатиш бўйича махсус рухсатнома берилди.

Top