02:51 / 19.08.2017
6942

Яшнободда автомашина эшигини сих орқали очиб, 1500 долларни ўмарган шахс ушланди

Акмал Азизов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) тўрт мучаси соғ, меҳнат қилишга ақли ҳам, жисмоний имконияти ҳам етарли бўлган йигитлардан. Лекин у енгил ҳаёт кечирди, текин даромад кўришни афзал билди. У айни кучга тўлган йигирма олти ёшидаёқ ўғирлик жиноятини содир этганлиги учун суднинг қора курсисига ўтирди. Ёшлигини ва бошқа шу каби ҳолатларни инобатга олиб, уни ҳаётда тўғри йўлга тушиб олиши, хатосини тушуниб етиши учун тайинланган беш йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартли уч йиллик синов муддати билан алмаштирилди. Бироқ Акмал бу имкониятни ўзгача тушунди. Орадан икки йил ўтмай, безорилик ва ўғрилик жиноятини содир қилиб, олти йилга озодликдан маҳрум этилди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Меҳнатсиз даромад топишни афзал билган Акмал шу зайл етти йил ичида тўрт марта судланишга улгурди ва хавфли рецидивист, деб топилди. Жазони тўлиқ ўтаб, уйига қайтди. Уч йил давомида тинч юрди. Лекин ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, деганларидек, бир куни кўчадан ўтиб кетаётганида қора рангли автомашина кўзига бошқача кўринди. Атрофни бироз кузатиб туриб, сих ёрдамида автомашинанинг олд эшигини очди. Ичига ўтириб, салонни тинтиб кўриб, 300 минг сўм пул, 1500 АҚШ доллари ва орқа ўриндиқдаги спорт костюмини қўлга киритди. “Ўлжа” камдек туюлди шекилли, автомагнитола билан орқани кўрсатиб турувчи кўзгуни ҳам олди-ю, жуфтакни ростлади. Катта йўлга чиқиб, таксида Қўйлиқ даҳасидаги водий автотураргоҳигача борди ва магнитолани номаълум такси ҳайдовчисига 25 минг сўмга сотиб юборди.

Бу ишни ҳеч ким кўрмади, ҳеч ким билмади, деб ўйлаб юрган Акмал тез кунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан қўлга олинганида, айбини тан олишдан ўзга чораси қолмади. У яна бир неча йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Top