23:25 / 24.08.2017
20130

Сенаторлар ялпи мажлиснинг биринчи кунида 16та масалани кўриб чиқишди 

Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати

Бугун, 24 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, бошқа ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Мажлисни Олий Мажлис Сенатининг Раиси Н. Йўлдошев олиб борди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ахборот хизмати маълумот беришича, ялпи мажлиснинг биринчи кунида сенаторлар 16та масалани кўриб чиқишди. Улар орасида юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини тубдан оширишга, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурини изчил бажаришга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг 10та қонуни жой олди.

Хусусан, «Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида»ги, «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида»ги, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги, «Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси ёшлари кунини белгилаш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари кунини белгилаш тўғрисида»ги, «Суриштирув институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари шулар жумласидандир. Қонунлар сенаторлар томонидан маъқулланди.

Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ўн биринчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни ўз ишини якунлади.

Top