12:12 / 28.08.2017
16027

Қизларни Истанбулга фоҳишалик билан шуғулланиш учун юбормоқчи бўлган аёл ушланди

Чилонзор туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан, одам савдоси жинояти бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Мазкур жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатларини олиб бораётган тергов бўлими терговчиси катта лейтенант О.Каримов содир этилган жиноят бўйича маълумот берди.

2017 йил 22 август куни Чилонзор туман Ички ишлар бошқармасига фуқаро Э.Н.Х. ариза билан мурожаат қилиб, ёши 40-45ларда бўлган “Г” унинг “М” ва “А” исмли танишларини Қозоғистон Республикаси орқали Туркия давлатига фоҳишалик билан шуғулланишлик учун юбормоқчи эканлигини билдириб, мазкур шахсга нисбатан қонуний чора кўришликни сўраган. 

Ушбу ариза асосида, шу куни Тошкент шаҳар ИИББ ва Чилонзор туман ИИБ ходимлари томонидан жиноятчини қўлга олиш борасида тезкор тадбир режалаштирилиб, Тошкент вилояти, Зангиота туманида жойлашган “Ғишт-кўприк” ЙПХ масканида Р.Г.А. фуқаролар С.М.И. ва Р.А.М.ни Қозоғистон Республикаси орқали Туркия давлатига юбормоқчи бўлган вақтида қўлга олинган. 

Мазкур ҳолат юзасидан Г.А.Р.га нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов даврида у М.И.С. ва А.М.Р.га фоҳишалик қилиш орқали мўмай даромад орттиришлари, яшаш шарт-шароитлари яхши эканлигини ваъда қилиб, уларни Қозоғистон Республикаси ҳудуди орқали Туркия давлатининг Истанбул шаҳрига юбормоқчи бўлганлиги аниқланди. 

Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида мазкур жиноятни содир этганликда Г.А.Р.нинг айби тўлиқ исботланиб, унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми “б” банди (одам савдоси, яъни икки ёки ундан ортиқ шахсларни улардан фойдаланиш мақсадида ёллаш) билан айблов эълон қилинди ва жиноятнинг оғирлилик даражасини инобатга олган ҳолда Г.А.Р.га нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси танланди. 

Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, Г.А.Р.нинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда. 

Top