17:13 / 01.09.2017
12498

«Манчестер Сити» ва «Арсенал» ўртасида уруш. Санчес қаттиқ норози

Фото: Goal

«Манчестер Сити» клуби «Арсенал»нинг ҳужумчи Алексис Санчес трансферида кўрсатган қилиғидан норози бўлмоқда. Шу мақсадда «Сити» Лондон клуби чилилик футболчини сотишдан бош тортгани учун Англия Футбол ассоциациясига шикоят хати ёзишни режалаштирмоқда.

El Mercurio нашри берган хабарга кўра, томонлар трансфернинг барча деталлари бўйича келишувга эришишга улгурганди, Санчес эса ҳаттоки «Сити» билан шартнома имзолашга ҳам улгурган. Интернетда унинг Манчестер клуби либоси тушган суратлари ҳам эълон қилинганди.

Goal.com журналисти Семми Лининг ёзишича, Алексис «Арсенал»нинг бу ҳаракатларидан қаттиқ хафа бўлган ва мотивациясини буткул йўқотгани сабабли лондонликлар сафида тўп суришни ортиқ истамаяпти.

«Манчестер Сити» 28 ёшли футболчини январдаги трансферлар ойнаси вақтида сотиб олишга ваъда берган.

Эслатиб ўтамиз, «Арсенал» «Монако» яримҳимоячиси Тома Лемар трансфери бўйича музокаралар муваффақиятсиз тугаганидан сўнг Санчесни сотишдан бош тортганди. Бунгача клуб чилилик футболчини 70 миллион фунт эвазига сотишга розилик билдирганди.

Top