Ўзбекистон | 15:37 / 05.09.2017
97550
3 дақиқада ўқилади

Валюта айирбошлаш қандай ташкил этилган: нарх, навбат ва хизмат

Бугун, 5 сентябрь кунидан бошлаб Ўзбекистондаги барча акциядорлик-тижорат банкларида хорижий валютанинг миллий сўмга нисбатан эркин конвертация қилиниши бошланди. Kun.uz мухбири амалиёт қандай тартибда ташкил этилгани ва шароитлар билан танишиш мақсадида Тошкент шаҳридаги «Ипотека банк» ҳамда «Ўзсаноатқурилиш» банкларининг валюта айирбошлаш шохобчаларига йўл олди.

Аввало, «банк» ёзув қадалган ҳар бир эшикка киришингиз билан хорижий валютани сўмга алмаштириб беришмайди, унинг учун айнан валюта айирбошлаш шохобчасига (ВАШ) ташриф буюриш тавсия этилади. Сўнгра иш соатларига эътибор қаратинг: «Ипотека банк» ВАШ ходимининг айтишича, мазкур бўлим ходимлари тушликсиз соат 9:00дан то 17:00гача мижозларга хизмат кўрсатади. «Ўзсаноатқурилишбанк» ВАШ пунктида эса тушлик вақти белгиланган, бу куннинг 14:00-15:00 вақтида экани тасдиқланган.

Валюта айирбошлаш учун шахсни тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжат талаб этилмайди, фақат ЭКИҲ 100 бараваридан ортиқ суммага (тахминан 1875 АҚШ доллар) тенг валютани айирбошлаш пайти банк ходими фуқаролик паспортингизни сўрашга ҳақли. Ҳар бир мижозга ўртача 3 дақиқа давомида хизмат кўрсатилади. Бугун кўпи билан 5-7 кишидан ташкил топган навбатлар пайдо бўлган.

Хориждан юборилган пул ўтказмаларини нақд пул кўринишида қабул қиласиз, хоҳишингизга қараб шу жойнинг ўзида сўмга алмаштириб олишингиз мумкин. Валюта сотиб олиш учун ВАШ пунктига эмас, балки банк конверсион хизматлари билан шуғулланувчи бўлимга мурожаат қилиш сўралади.

Демак, 100 АҚШ доллари барча ВАШ пунктларида 800.000 сўм маблағга айирбошлаш жорий этилган. Тижорат банкларни нарх сиёсатини мустақил юритиши мумкин, аммо ҳозирча улар битта курсда давом этмоқда. Айирбошлаш амалиётини тугаллаш учун сертификатга имзо қўясиз ва сўм купюраларини санаб олишингиз сўралади.

PS: Менинг назаримда, банк ходимлари жуда мулойим ва сифатли хизмат кўрсатмоқда. Пункт бошқарувчиси ва ёрдамчиси мижозларга қулайликлар яратиш учун барча имкониятларини ишга солмоқда. Навбатда турганлар учун кутиш ўриндиқлари бор, умуман ишингиз беш дақиқага етиб бормай ҳал бўлади.

Мавзуга оид