Ўзбекистон | 21:55 / 06.09.2017
117775
4 дақиқада ўқилади

“Дўстлик” чегараси очилди

Андижон вилояти, Хўжаобод туманидаги “Дўстлик” чегара мажмуасида Андижон вилояти ҳамда Қирғизистон Республикаси Ўш вилояти вакилларининг учрашуви бўлиб ўтди.

Маълумки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбаевнинг таклифига биноан 5-6 сентябрь кунлари Қирғизистон Республикасида бўлди. Ташриф доирасида қўшни ўзбек ва қирғиз халқлари манфаатларига хизмат қилувчи қатор келишувларга эришилди.

Чегара мажмуасида Қирғизистон Республикасидан ташриф буюрган меҳмонлар кенг жамоатчилик, юртимизда истиқомат қилаётган қирғиз миллати ҳамда ёшлар вакиллари иштирокида карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентлари, ҳукумат делегациялари учрашувидан кейиноқ ўтказилган мазкур тадбирда сўз олган Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, Ўш вилояти губернатори Талайбек Сарибашев, Ўш шаҳри мэри Айтмамат Қадирбоев икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталари қадим тарихга эга эканлиги, давлатларимиз раҳбарлари учарашуви нафақат ана шу дўстликни, балки икки давлат ўртасидаги иқтисодий, маданий ва яқин қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш йўлида янги саҳифа очганлигини таъкидладилар.

Қўшничилик муносабатлари, дўстлик ришталари ҳамда ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланиши, қўшни давлатга бориш-келишдаги тўсиқлар, ортиқча расмиятчиликларнинг олиб ташланганлиги, айниқса, асрлар давомида қўшни яшаётган, тили, дили, дини бир икки халқ аҳолисини беҳад қувонтирди.

- Менинг миллатим қирғиз, Ўзбекистон фуқаросиман, - дейди Хўжаобод туманидаги 10- умумтаълим мактабининг қирғиз тили фани ўқитувчиси Хонойим Арзиева. – Шукрки, олиб борилаётган одилона миллатлараро сиёсат туфайли мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элатлар ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик, ҳамжиҳатликка асосланган муносабатлар шаклланган. Қирғизистонда яқин қариндошларим жуда кўп. Фақат кейинги йилларда халқларимиз ўртасида юзага келган турли тўсиқлар сабаб улар билан алоқаларимиз узоқлашиб қолган эди. Давлатларимиз раҳбарлари учрашувидан кейин борди-келди учун эшиклар очилганлигида бошимиз кўкка етди. 

- Ҳақиқатан ҳам икки қўшни халқ ўртасидаги тўсиқлар туфайли қариндош-уруғларимиз билан борди-келди узилиб қолган эди, - дейди  Хўжаобод туманидаги “Солпи” маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Қундузхон ая Ғоппорова. – Фақат тўй, яқинларимиз вафот этгандагина телеграмма (чақирув) орқали борди-келди қилинаётганлигидан жуда кўп фуқаролар қийналаётган эди. Ахир биз асрлар давомида қўшни бўлиб яшаганмиз, Қирғизистонга қиз бериб, қиз олганмиз. Халқларимизни янада яқинлаштирганлиги учун икки давлат раҳбарларидан, хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевдан чексиз миннатдормиз.

- Мен уч маротаба Қирғизистон Республикаси Жўқори Кенгаси депутати бўлганман, - дейди тадбир иштирокчиси, ўшлик меҳнат фахрийси Муқамбек Алиқулов. – Халқларимиз ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик ришталари тикланганлигидан беҳад мамнунман. Бу икки давлат иқтисодиёти ривожида ҳам муҳим аҳамият касб этади.

- Вилоятимизда жуда кўп қирғиз миллатига мансуб аҳоли яшайди, - дейди Андижон вилояти Қирғиз миллий маданий маркази раҳбари Обиджон Носиров. – Миллий анъаналаримизни ривожлантириш, ўз она тилимизда ўқиш учун барча шароитлар яратилган. Айни кунда 20 дан ортиқ умумтаълим мактабларида қирғиз тили ўқитилмоқда, Андижон давлат университети филология факультетининг қирғиз тили ва адабиёти йўналишида 70 дан ортиқ ёшларимиз таҳсил олмоқда. Икки қардош халқ ўртасидаги қўшничилик муносабатлари тикланганлигидан, айниқса, биз жуда ҳам хурсандмиз. Бунинг учун давлатимиз раҳбаридан чексиз миннатдормиз. 

Энди икки халқ вакиллари чегара постидан 24 соат давомида шахсни тасдиқловчи ҳужжат асосида бемалол ўтиш имконига эга бўлди. 

KUN.UZ мухбири Элмурод Эрматов, Рустамжон Эшонов.

Мавзуга оид