Ўзбекистон | 23:00 / 10.09.2017
229221
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга қайтган миллиардер Фаттоҳ Шодиев ҳақида нималар маълум?

Фото: Getty Images

Ўтган ҳафтада Адлия вазирлиги бош офиси Лихтенштейн князлигида жойлашган Шодиев халқаро фондининг Ўзбекистондаги ваколатхонасини рўйхатга олди. 2011 йил Forbes томонидан Бельгиянинг биринчи рақамли миллардери сифатида эътироф этилган, мазкур фонд асосчиси Фаттоҳ Шодиев ҳақида нималарни биламиз?

Таниқли тадбиркор Фаттоҳ Шодиев 1953 йилнинг 15 апрелида Жиззах вилоятида зиёлилар оиласида таваллуд топган. Мактаб чоғлари аъло хулқи, зийрак тафаккури ва билимга интилиши билан доим ажралиб турган кичик Фаттоҳ мактабни олтин медаль билан тамомлайди. Отаси Қаюм Шодиев 1963 йилдан бошлаб Сирдарё пахта трестига раҳбар этиб тайинлангач, Фаттоҳ Шодиев илк меҳнат фаолиятини «Сирдарё ҳақиқати» газетасида корректорликдан бошлайди. Ўзбек миллатига мансуб бўлажак миллиардер кейинроқ Халқаро Муносабатлар Институтида таълим олиш мақсадида Москвага жўнаб кетади. У ерда Шодиев Алишер Усмонов, Алижон Ибрагимов каби бўлажак тадбиркорлар билан бирга таҳсил олади.

1979 йил ўқишни аъло натижалар билан тамомлаган Фаттоҳ Шодиев Япониядаги собиқ Совет ҳукуматининг Савдо ваколатхонасида фаолият юрита бошлади. Унинг таҳлилий фикрлаши, муҳим қарорларни қабул қилишда узоқни кўра билиши келгусида СССРнинг Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг совет-япон савдо масалалари бўйича эксперти этиб тайинланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилди.

Собиқ СССР парчаланиши арафасида унинг отаси Қаюм Шодиев «пахта иши»да айбланиб, узоқ муддатли қамоқ жазосига маҳкум этилди. Фаттоҳ эса 1989 йилдан бошлаб «Промфининвест» компаниясида иш бошлайди. Ўзбекистон мустақиллигининг илк йилларида Қаюм Шодиев бир қатор ноҳақ айбланганлар қатори оқланди ва озодликка чиқади. Тугатилган давлатдан қолган мерос ҳамманинг олдига қийин вазифаларни қўярди: Шодиев Қозоғистон фуқаролигида Brussels Research & Consulting компанияси президенти сифати тадбиркорлик фаолиятини бошлайди.

2012 йил Forbes томонидан Қозоғистоннинг тўртинчи рақамли бой кишиси сифатида эътироф этилган Алижон Ибрагимов ва Фаттоҳ Шодиев 1992 йилдан бошлаб иқтисодий ҳамкорлик ришталарини кучайтира бошлаган. Бир неча ишлаб чиқариш корхоналари ва заводларини бошқарувчи Eurasian Natural Resources Corporation (ENRC) компаниясига асос солган ўзбекистонлик тадбиркорлар асосан минерал ва қазилма бойликлар савдоси билан шуғулланиб келади. Узоқ йиллик меҳнати ва ишончли ҳамкорлиги ортидан унга Бельгия фуқаролиги тақдим этилган. Айни кунда унинг бошқарув остидаги компания Конгода жойлашган Central African Mining and Exploration (CAME, Марказий Африка қазиб чиқариш ва тадқиқ этиш) компаниясини бошқарув таркибига қўшиб олган. Шунингдек, унинг истиқболли лойиҳалари Мозамбик, Мали, Зимбабве ва ЖАРда фаол кўрсаткичга эга.

Тадбиркор 2010 йилга келиб, Замбиядаги Chambishi Metals PLC акцияларининг 90 фоизини сотиб олди, ортидан Дубайда жойлашган Commit Resources FZE савдо ва маркетинг соҳасида фаолият олиб бораётган компаниянинг 100 фоизига эга бўлди. Йирик компанияларга эгалик қилиши ва бошқаруви ҳақидаги маълумотни ҳали узоқ давом эттириш мумкин. Сиёсий фанлар доктори, Қозоғистон Табиий фанлар Академиясининг ҳақиқий аъзоси, «Барыс» ордени ҳамда Авраам Линкольн номидаги «Демократия ва иқтисодий эркинлик» медали соҳиби Фаттоҳ Шодиевнинг маблағлари 4 миллиард АҚШ доллари атрофида баҳоланади.

Унинг фонди ва Ўзбекистондаги ваколатхонасига тўхталиб ўтадиган бўлсак, таълим олган МДХМИ талабаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда янги авлодни баркамол ўсиб-улғайишида ёрдам бериш мақсадида 1996 йили Шодиев халқаро фонди тузилган. Унинг уч тармоғи бўлиб, биринчи галда, МДХМИни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришдек режани олдига қўйган. Бундан ташқари, фонднинг маблағлари рус-япон савдо ва илмий-техникавий муносабатларини ривожлантиришга, шунингдек, болаларга беғараз ёрдам қилишга қаратилган.

Фонднинг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг асосий мақсади Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган болалар уйларига гуманитар кўмак ва аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш лойиҳаларига хайрия ёрдами кўрсатишдан иборат.

Мавзуга оид