Жамият | 18:55 / 14.09.2017
38428
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда шифокорни дўппослаган шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилди

Фото: Ижтимоий тармоқлар

2017 йилнинг 12 сентябрь куни KUN.UZ сайтида Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида тез тиббий ёрдам бўлими шифокори чақирув орқали борган хонадонда эркак киши томонидан дўппослангани ҳақида мақола эълон қилинганди.

10 сентябрь куни хизмат вазифасини бажариб турган Мирзо Улуғбек тумани 5-бўлим Тез тиббий ёрдам бўлими шифокори Зафар Қаюмов навбатдаги чақирув орқали ушбу тумандаги Қора-су 4-мавзеси 1-уй, 9-хонадонга йўл олган ва у ерда беморнинг отаси Абдумалик Каримов томонидан дўппосланган.

KUN.UZ’га Тошкент шаҳар “103” хизмати бошлиғининг айтишича, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан Абдумалик Каримовга нисбатан “Безорилик” моддаси билан жиноий иш қўзғатилган ва бу борада тегишли ишлар олиб борилмоқда.

Қайд этиб ўтиш лозимки, айни пайтда шифокор Зафар Қаюмов Республика Нейрохирургия илмий марказида даволанмоқда. У шифохонага етказилганда, бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, пешона юмшоқ тўқималарининг лат ейиши, кўз косаси гематомаси, субконюктивал ўнг томон кўзга қон қуйилиши ташхиси қўйилди.

KUN.UZ воқеалар ривожини кузатиб боради.

Мавзуга оид